ТАЛАБАЛАРДА АЛЬТРУИЗМ ШАКЛЛАНИШИНИНГ ПСИХОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ

Атабаева Наргис Батировна Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчиси
Аннотация: Мақолада талабаларда альтруизм шаклланганлигининг психологик хусусиятлари ҳамда таълим жараёнида альтруизмни шаклланишига таъсир этувчи жиҳатлар таҳлил қилиб берилган.
Калит сўзлар: альтруизм, ирода, қадрият, эмпатия, индивидуаллик
Аннотация: В данной статье изучены детерминанты альтруизма и проанализирована психологическая взаимосвязь альтруизма с учебном процессом студентов.
Ключевые слова: альтруизм, воля, самостоятельность, бескорыстность, ценность, эмпатия, индивидуальность.
Abstract: The article deals with the determinants of altruism and psychological connection of altruism with the educational process of students.
Key words: altruism, will, value, empathy, individuality.

Мавзунинг долзарблиги: Баркамол авлодни тарбиялаш инсониятнинг энг ёрқин орзуси бўлиб келган. Келажак авлод ҳақида қайғуриш соғлом, баркамол, комил инсонни тарбиялаб, вояга етказиш, ўзбек халқининг миллий хусусиятларидан биридир. Айнан мустақиллик шарофати билан миллий қадриятлар, анъаналарнинг тикланиши аждодларга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш билан бир қаторда ўсиб келаётган ёш авлодни таълим-тарбиясида миллий руҳиятнинг ўрни беқиёс эканини кўрсатиб берди. Бизга маълумки, шарқона таълим-тарбия негизида самимийлик, саховат, футувват каби альтруистик хулқ-атвор ётади. Шундай экан, миллат келажаги бўлмиш ёш авлодга альтруистик руҳда таълим-тарбия бериш асосида шарқона тарбия асосларини сингдириш долзарб муаммолардан бири саналади.
Ҳозирги кунда педагог-психологлар томонидан таълимнинг бир қанча моделлари ишлаб чиқилган ҳамда ўқитиш тизимига тадбиқ қилинган. Хусусан, Л.В.Занков, М.В.Зверева, И.И.Аринскаялар томонидан шахсга йўналтирилган таълимнинг қатор афзалликлари санаб ўтилган. Шахсга йўналтирилган таълимнинг асосий мақсади – ўқувчиларнинг билиш, эмоционал-иродавий, ахлоқий, эстетик имкониятларини ривожлантиришдан иборат. Шунга мувофиқ равишда, узлуксиз таълим тизими шахсдаги альтруистик хулқ-атворни шаклланишига ҳам ўз таъсирини ўтказади, десак муболаға бўлмайди.
Шахсга йўналтирилган таълим тизимининг альтруизмга таъсирига оид маълумотларни келтиришдан аввал альтруизм тушунчаси ҳақида тўхталиб ўтсак. “Альтруизм” атамасини биринчи бўлиб француз файласуфи О. Конт эгоизмга қарама-қарши атама сифатида фанга киритган. Келтирилган таърифларга кўра, альтруизм (лотинча alther - бошқа) – шахс қабул қилган қадриятлар йўналиши бўлиб, бунда унинг маънавий баҳоси мезони ва асосий моҳиятида ўзга одам ёки ижтимоий гуруҳнинг қизиқишлари ётади. Альтруизм шахс хулқ-атворини тўлиқлигича акс эттирсагина, у англанган қадриятлар тизимига айланиши ва шахснинг ҳаёти мазмунига сингиб кетиши мумкин. Кўпгина психолог олимлар томонидан альтруизмнинг психологик механизмлари тадқиқ этилиб, таҳлил қилиб берилган. Жумладан, Дж.Аронфрид ва В.Паскаллар альтруизмни мактабгача ёшдаги болаларда эмпатияни намоён бўлиши билан боғлаб ўрганган бўлсалар, Б.Мур ижобий эмоциялар альтруистик хатти-ҳаракатларга сабаб бўлишини исботлаб берган, С.Стауб эса ўз тадқиқотлари давомида альтруистик хулқ-атвор мотивларини кўрсатиб ўтган.
Бундан ташқари, хориж психологларининг илмий изланишларида альтруизмнинг вақт омилига (Д.Бейтсон), айбдорлик ҳиссига (Д.Мак-Миллен, Дж.Остин), кайфиятга (Д.Кенрик, Д.Бауманн), шахснинг индивидуал хусусиятларига (Э.Игли, М.Кроули) боғлиқлик жиҳатлари тадқиқ этилган. Шахсдаги альтруистик хулқ муаммосининг ўрганилишига хориж ва рус олимлари анча илгари киришган бўлсаларда, уларнинг сони жуда кўп эмас, яъни бу мавзу жуда кам олимлар томонидан ўрганилган. Бизнинг республикамизда бу муаммо юзасидан илмий тадқиқот иши сифатида деярли иш олиб борилмаган. Лекин кейинги йилларда шахсда ахлоқий тушунчалар, эмоционал интеллект ва миллий ўзликни англашнинг шаклланишига оид илмий тадқиқот ишларига эътибор кучаймоқда. Хусусан, Ўзбекистонлик психологлар томонидан ўқувчиларда ахлоқий тушунчаларнинг шаклланиши (З.Э.Усманова), талабаларда миллий ўзликни англашнинг психологик хусусиятлари (Н.С.Сафоев), мактабгача тарбия ёшидаги болаларда бурч ҳисси муаммоси (М.Ш.Расулова) чуқур тадқиқ этилган.
Психологик манбаларда альтруизм борасидаги ёндашувлар уч гуруҳга таснифланади:
1. Психологик ёндашув. Жамиятда ҳар қандай шахслараро муносабатлар замирида ўзаро манфаатдорлик ётадики, шунга мувофиқ альтруизм – бу меҳр-муҳаббат, ҳурмат, ғамхўрлик каби психологик ҳиссиёт ва ижтимоий-психологик қадриятларни ўзаро алмашинишидир (Б.Ф.Скиннер, М.Снайдер, А.Омото, Б.Мур). Бунда кишилардаги ўз-ўзига берадиган баҳо, ўз-ўзига муносабат, эмоционал соҳа, муҳим аҳамият касб этади.
2. Ижтимоий ёндашув. Шахс ва жамият ҳаётида ижтимоий таъсирларнинг роли беқиёсдир. Айнан ижтимоий таъсирлар, яъни, ижтимоий норма, санкция, ижтимоий масъулият ҳисси ва ижтимоий ролларнинг ўзаро таъсири натижасида кишилар альтруистик хатти-ҳаракатларни содир этадилар (Дж. Даббс).
3. Биологик ёндашув. Ушбу ёндашувда альтруизм биологик эҳтиёж сифатида кўриб чиқилади ва альтруизм кишилар хулқ-атворида инстинктив равишда намоён бўлади, деб қаралади. Альтруизмнинг асл моҳияти кишиларнинг ўз наслини сақлашга қаратилган бўлади, яъни ота-онанинг ўз фарзандига нисбатан альтруистик хатти-ҳаракати негизида ўз наслини сақлаб қолишга бўлган биологик эҳтиёж ётади деб тушунтирилади (Д.Бараш, Э.Сандерсон, Э.О.Уилсон).
Рус психологлари ўз тадқиқотларида альтруизм ва унинг ўқув жараёнида шаклланишига оид қарашларни шартли равишда икки гуруҳга ажратишган:
1. Альтруизм намоён бўлиш механизмига кўра ёндашувлар;
2. Ижтимоий-психологик ёндашувлар.
Жумладан, намоён бўлиш механизмига кўра, альтруизм барча инсонларда мавжуд, бироқ, турли эмоциоген вазият, яъни айбдорлик ҳисси, шахс хусусиятлари, конформлик таъсирида юзага келади. З.Фрейд концепциясида альтруизмни намоён бўлиши субъектнинг айбдорлик ҳиссини сусайтиришга бўлган невротик эҳтиёжи сифатида кўриб чиқилган. Назарий маълумотлар таҳлили кўрсатишича, шахс ўзини ўзи айбдор ҳисобламаслик учун ҳам альтруистик ҳаракатларни амалга оширади. Айнан, айбдорлик ҳисси кишиларни бир-бирига нисбатан ғамхўр бўлишга ундайди. Альтруизмни намоён бўлишида масъулиятлилик, қатъиятлилик, эмпатия каби шахс хусусиятлари, қолаверса, шахснинг ўзини ўзи назорат қилиши, ўзига нисбатан адекват баҳо бериши муҳим аҳамият касб этади. Е.П. Ильин тадқиқотлари шуни кўрсатадики, талабаларда альтруизмнинг намоён бўлиш механизмларидаги гендер фарқлар, асосан, бундай хулқ-атворнинг ички детерминантлари билан боғлиқ, яъни ўғил болалар ҳам, қиз болалар ҳам альтруизмга мойил, бироқ улар бунга турли нуқтаи назардан ёндашадилар. Ўғил болалар асосан “қаҳрамонлик ёрдами” нуқтаи назаридан ёндашганликлари боис, улардан альтруистик хулқ-атвор кўпроқ иродавий зўр беришни талаб этади. Қиз болалар эса “ғамхўрона ёрдам” тарафдори бўлганликлари учун уларда эмпатия ҳисси биринчи ўринга чиқади.
Рус психологи М.Р. Битянованинг илмий қарашларида эса альтруизм ва конформлик (лотинча “corformis” сўзидан олинган бўлиб “ўхшаш, мос” деган маънони англатади) орасидаги боғлиқлик асослаб берилган. Унга кўра, шахснинг бирор-бир альтруистик хулқ-атворни намоён қилиши учун гуруҳ ҳам ўз таъсирини ўтказади. Жумладан, гуруҳ томонидан ташкил этиладиган хайрия ишлари, ташкилотчилик ишлари, гуруҳ аъзоларининг барчасидан бирдек масъулиятни талаб этади. Агар гуруҳдаги талабаларнинг бирортаси фанлардан ўзлаштиришга қийналаётган бўлса, гуруҳ фаолларидан бирини унга бириктириш орқали гуруҳ аъзоларида масъулият ҳиссини ҳамда альтруистик хулқ-атворни тарбиялаш мумкин. Қолаверса, гуруҳий қарорлар, гуруҳ ичида қабул қилинган талаблар ҳам талабаларнинг хулқ-атворини назорат қилиб турувчи восита бўлиб хизмат қилади.
Бизга маълумки, талабалик даврида касбий соҳа ва жамиятда ўз ижтимоий мавқеини эгаллашга бўлган интилиш кучли бўлади. Шу боис, талабалар орасида миллий қадриятларни тарғиб қилувчи, уларда альтруистик ҳислар, эмпатия, ижтимоий масъулиятни шакллантиришга қаратилган турли хилдаги маънавий-ахлоқий, хайрия тадбирлари, талабаларни ижтимоий аҳамиятли фаолият соҳаларига йўналтиришни (лойиҳалар яратишга жалб қилиш, волонтерликда иштирок этиш, ижодий фаолиятга жалб қилиш ва бошқалар) кучайтириш, талабаларнинг таълимдаги фаол ташаббусини қўллаб-қувватлаш, юқори самара беради. Талабаларнинг маънавий-ахлоқий дунёқарашини шакллантиришга, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилаган қатор тадбирлар уларда “жамиятга кераклиги”ни, “улар ҳам ижтимоий фойдали ишга яроқли экани”ни хис этишга имконият яратади.
Альтруизм шаклланишига оид ижтимоий-психологик ёндашувда эса асосий эътибор, талабаларда барқарор альтруистик установкаларни шакллантиришга қаратилган. Ижтимоий-психологик ёндашув қуйидаги моделларни ўзида мужассамлаштиради.
“Юқори тафаккур ва кучли Эго” – орқали шахс установкаларини “Мен”дан “Биз”га айлантиришга эътибор қаратилади. Д.Батсоннинг фикрича, шахснинг ахлоқий қарашлари, эътиқоди гуруҳ манфаатлари билан бирлашса, унинг қадриятлар тизимида ҳам ижтимоий маъқулланган сифатларни ўрни ортиб боради. Бунда албатта, гуруҳ мураббийси, педагогларнинг ўрни муҳим. Педагог талабалар жамоасини уюштира олиши, уларда ижтимоий масъулиятни оширишга қаратилган топшириқларни бериши, ўзининг интеллектуал имкониятларини ишга солган ҳолда гуруҳ ва талабанинг ижтимоий манфаатларини бирлаштира олиши лозим.
“Авторитетга асосланган ижтимоий модел” – бунда педагог ўзининг касбий ва шахсий сифатлари билан талабаларга намуна бўла олиши лозим. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, шахсдаги альтруизм каби ижтимоий маъқулланган хулқ-атвор шакллари тарғиб этилган маъруза, видеоконференция, консультация маълумотлари инсонга тезроқ таъсир этади ва тез ўзлаштирилади. Таълим жараёнида талабаларни мушоҳада қилишга, уларнинг билиш фаоллигини оширишга, ахлоқий дунёқарашини шакллантиришга қаратилган муаммоли топшириқларни қўйилиши талабада альтруистик хулқнинг ички психологик механизмлари ҳисобланган эмпатия, рефлексия, ижтимоий перцепция, масъулият ҳиссини ривожланишига хизмат қилади.
“Шахс эътиқоди” – бунда асосий эътибор шахсни жазолаш ёки рағбатлантиришдан қочишга қаратилади. Ушбу моделнинг моҳиятига кўра, шахс томонидан амалга оширилган ҳар қандай хулқ рағбатлантиришларни кўзда тутмаслиги, балки шахснинг ички эътиқоди, дунёқараши каби ички мотивлар билан боғлиқ бўлиши лозим (Сэм Левенсон, Джорд Гэллап). Шунга мувофиқ равишда, талабаларда маънавий, ахлоқий онгни таркиб топтириш учун таълимий-тарбиявий таъсир ўтказиш муҳим аҳамият касб этади. Шахсга йўналтирилган таълимнинг ушбу моделида талабалар гуруҳида соғлом рақобатни шакллантириш, муваффаққиятга интилиш мотивацияси ва шу билан боғлиқ шахс хусусиятларини ривожлантириш орқали шахсда альтруистик хулқни тарбиялаш кўзда тутилади.
Методика: Назарий таҳлилларни амалдаги ҳолатини кўриш мақсадида, педагогика ва психология факультетининг 1-курс талабаларида “Альтруизм-эгоизм установкаларини аниқлаш” методикаси ўтказилди. Мазкур методика шахсдаги альтруистик установкаларни ривожланганлик даражасини уч мезон, яъни паст, ўрта, юқори кўрсаткич асосида аниқлаб беради. Методикадан олинган натижалар қуйидаги гистограммада акс эттирилган:
Экспериментал натижаларга кўра, синалувчиларнинг 52%ида альтруизм даражасининг пастлиги, улардаги эгоизмдан далолат беради. Талабалардаги эгоизмнинг намоён бўлиши конфликтоген омил ҳисобланиб, бу уларнинг ўз манфаатлари йўлидаги бир восита бўлиб хизмат қилади. Альтруистик установкаларнинг шаклланганлик даражаси 30% талабаларда ўртача, 18% талабаларда юқори кўрсаткичга эга бўлди. Юқори кўрсаткичга эга бўлган талабаларда альтруистик установкалар қадрият даражасига кўтарилганлигини кўришимиз мумкин.
Талабалардаги альтруизмнинг намоён бўлиши бевосита иродавий сифатларнинг шаклланганлиги билан ҳам узвий боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки, шахс иродавий сифатларидан масъулиятлилик, ташкилотчилик, қатъиятлилик, мақсадга интилувчанлик каби сифатлар айнан альтруистик шахснинг хулқида намоён бўлади. Айнан альтруизм ва иродавий сифатлар орасидаги боғлиқликни аниқлаш мақсадида И.Чумковнинг “Шахс иродавий сифатларини аниқлаш” методикасини ўтказиб, улар орасидаги интеркорреляцион боғланиш аниқланди:
Жадвал № 1
Альтруизмнинг эмпатия ва иродавий сифатлар ўртасидаги интеркорреляцион боғланишлари



Шкалалар номи Масъулиятлилик Ташаббускорлик Журъатлилик Мустақиллик Матонатлилик Қатъиятлилик Ғайратлилик Эътиборлилик Мақсадга интилувчанлик
Альтруизм 0,593*** 0,526** 0,803*** 0,576** 0,662** -0,583
** -0,420
* 0,278 * 0,832*

Изоҳ: *** р<0.001, ** р<0.01, * р<0.05
Интеркорреляцион боғланишлар Манн-Уитни мезони орқали топилган:
U = (n1 + n2)+ nx*(nx+1) - Tx2
n1 – экспериментал гуруҳ синалувчиларининг сони;
n2 – назорат гуруҳи синалувчиларининг сони;
Tx – ранглар йиғиндисининг каттаси;
nx – ранглар йиғиндиси катта бўлган гуруҳ иштирокчиларининг сони.
Жадвалдаги натижалар таҳлилига кўра, альтруизм иродавий сифатларнинг иккита шкаласи билан тескари алоқадалиги аниқланди. Жумладан, альтруизмнинг қатъиятлилик шкаласи билан корреляция коэффициенти - 0,583 га тенг. Бу шахсда қатъиятлилик даражаси қанчалик юқори бўлса, ундаги альтруистик хулқ-атворга бўлган мойиллик шунчалик паст даражада бўлишини англатади. Ғайратлилик шкаласи билан корреляция коэффициенти эса - 0,420 га тенг. Бу кўрсаткич ўсмирлардаги ғайратлилик, шижоатнинг ўта юқорилиги улардаги альтруизмни паст даражада намоён бўлишини кўрсатади. Қолган шкалалар, яъни саккизта шкала билан корреляция коэффициенти орасида ижобий боғланишлар кузатилиб, бу ушбу шкалаларнинг юқори даражада бўлиши альтруизмга мойилликнинг ҳам ортишига таъсир кўрсатишини билдиради.
Масъулиятлилик шкаласи билан альтруизм орасидаги корреляция коэффициенти 0,593 га тенгдир. Бу шахс, жамият ва ёрдамга муҳтож кишилар олдида масъулиятни ҳис этса, альтруистик хулқ-атворни намоён этади деганидир. Бу бевосита кишиларнинг ижтимоий нормалар асосида хатти-ҳаракат содир этиши билан боғлиқ бўлиб, одатда шахснинг ижтимоий “Мен”ини тасдиқлаш эҳтиёжи натижасида юзага келади. Агар бу ҳолатни таълим тизими билан боғласак, талабаларнинг берилган топшириқ ва вазифаларни Масъулият билан бажариши ҳамда курсдошлари олдида тан олиниш истагининг қондирилиши билан боғлиқдир.
Ташаббускорлик шкаласи билан альтруизм орасидаги корреляция коэффициенти 0,526 га тенг. Ўсмирлардаги ташаббускорликнинг юқорилиги ҳам бевосита альтруистик хулқ-атворга мойилликни кузатилишига сабаб бўлиши мумкинлиги аниқланди. Ташаббускорлик одатда теварак-атрофдаги шароит ҳамда ижтимоий ҳаёт талабларини эпчиллик, моҳирлик билан ҳисобга олиш ва кўпинча келажакни, янгиликни олдиндан кўра билиш қобилияти билан бир вақтда намоён бўлади. Ташаббускор киши шахсий ҳаётида ҳам, ижтимоий фаолиятида ҳам, вазият ва турмуш талабларини ҳисобга ола билади, шу билан бир вақтда ҳам шахсий ҳаётдаги, ҳам жамият ҳаётидаги муаммоларни ҳал қилишда, қўйилган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этади. Бундай кишиларда ўзгаларга беғараз ёрдам бериш ҳисси ҳам юқори бўлади.
Журъатлилик шкаласи билан альтруизм орасидаги корреляция коэффициенти 0,803 га тенг. Бу ҳам ўз навбатида, журъатлиликнинг ортиши альтруизмга мойилликнинг ортишига олиб келишини англатади. Журъатлилик шубҳа ва иккиланишларни бартараф этиш учун намоён бўладиган иродавий кучдир, қолаверса, ўз вақтида қарор қабул қилиш ҳисобланади. Шундай экан, ўзгалар ёрдамга муҳтож вазиятда зарурий қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш ва жабрланувчиларга беғараз ёрдам бериш муҳим аҳамият касб этади.
Мустақиллик шкаласи билан альтруизм орасидаги корреляция коэффициенти эса 0,576 га тенг бўлиб, бу ҳам шахсдаги мустақилликнинг юқорилиги, альтруизмга мойилликнинг юқорилигини англатади. Мустақиллик, амалга оширилган ёки амалга оширилмаган иш-ҳаракатлар учун жавобгарлик сезишда кўринади. Жавобгарликни сезиш айни ҳаракатларнинг тўғрилигига, мақсадга мувофиқ эканлигига ва зарурлигига ишонч ҳосил қилиш демакдир. Бу эса шахснинг бирор-бир альтруистик хатти-ҳаракатларни амалга оширишига ундовчи энг муҳим омиллардан биридир. Чунки, шахс ўз хатти-ҳаракатига нисбатан жавобгарликни сеза билса ва мустақил қарорлар қабул қила олсагина, унда альтруистик хатти-ҳаракат элементлари кузатилади.
Матонатлилик шкаласи билан альтруизм орасидаги корреляция коэффициенти ижобий боғланишга эга бўлиб, 0,662 га тенг эканлиги кузатилди. Матонат қандайдир бир аниқ мақсадни кўзлаб мунтазам равишда иродавий зўр бериш демакдир. Матонат характернинг энг қимматли хислати бўлиб, у альтруистик хатти-ҳаракатларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу хислат кишининг мақсадга етиш йўлида қандай қийинчилик ва тўсқинликлар бўлишидан қатъий назар, шу мақсадга эришишида ўз ифодасини топади. Матонатли кишилар бошлаган ишларини ҳамиша охирига етказа биладилар. Улар ўзларига нисбатан ҳам, бошқа кишиларга нисбатан ҳам талабчан бўладилар. Айнан шу хислат альтруистик хатти-ҳаракатларни содир этишга ҳам тааллуқлидир, яъни матонатли кишилар ўзгаларга беғараз ёрдам берар эканлар бошқалардан ҳам худди шундай ҳаракатларни талаб этадилар.
Эътиборлилик шкаласи билан альтруизм орасидаги корреляция коэффициенти 0,278 га тенг. Бу шундан далолат берадики, шахсда атроф-муҳит ва яқинларига, бажараётган фаолиятига нисбатан эътиборлилик даражаси юқори бўлса, унда альтруизмга мойиллик ҳам юқори бўлади.
Мақсадга интилувчанлик шкаласи билан альтруизм орасидаги корреляция коэффициенти 0,832 га тенг. Бу шахсдаги мақсад сари интилиш даражасининг юқорилиги альтруизмга мойилликнинг юқори бўлишидан дарак беради.
Шахсдаги альтруизмнинг намоён бўлишида иродавий сифатларнинг шаклланганлик даражаси муҳим аҳамият касб этади. Чунки, иродавий сифатлар бевосита альтруизмни келтириб чиқарувчи ички омиллар ҳисобланади. Зеро, альтруизм шахснинг ички олами билан боғлиқ бўлган ва унинг ташқи хулқ-атворида намоён бўлувчи ижтимоий, ахлоқий сифатлардан биридир. Кишиларнинг аҳлоқий қиёфаси эса иродавий ҳаракатларда, унинг ўзгалар дардини хис эта билишида ҳам намоён бўлади.
Ироданинг аҳлоқийлиги деганда одатда киши ўз олдига қандай мақсадлар қўйилганлигини, бу мақсадларга қандай воситалар билан эришилишини, иродавий интилишлар қандай майллар туфайли келиб чиқишини, маълум бир қарорга келишда қандай тамойилларга амал қилишни назарда тутамиз. Иродавий ҳаракатларда кишининг аҳлоқий хислатлари намоён бўлса, бу уларнинг маънавий қиёфасини етуклигидан дарак беради. Шунинг учун иродавий сифатлардан масъулиятлилик, ташаббускорлик, журъатлилик, эътиборлилик, мақсадга интилувчанлик, мустақиллик каби хусусиятларни альтруизмни шаклланишига таъсир этувчи аҳлоқий сифатлар қаторига киритиш жоиздир.
Олинган натижалардан ўғил ва қиз болаларда альтруизм шаклланганлиги орасидаги фарқ деярли кузатилмади. Альтруизмнинг намоён бўлишидаги гендер фарқларнинг кўзга ташланмаганлигига сабаб қиз болаларда ҳам, ўғил болаларда ҳам альтруистик хулқ-атвор шаклланган, бироқ уларни альтруистик хатти-ҳаракатларни содир этишга ундовчи омиллар турличадир. Худди шундай вазият Е.П.Ильин бошчилигида ўтказилган тадқиқотларда ҳам кузатилган бўлиб, улар бу вазиятни изоҳлашда қуйидагича ёндашганлар: қиз болаларда бу кўпроқ “ғамхўрона ёрдам бериш” кўринишида бўлади, яъни бу уларнинг бошқаларни шахсий ва ҳиссий эҳтиёжлари ҳақида қайғуриши ҳамда уларга ўз мақсадларига эришишларига ёрдам бериши сифатида намоён бўлади. Ўғил болаларда эса бу “қаҳрамонлик ёрдами” кўринишида бўлиб, ғайриоддий ва таваккал ҳаракатларни бажариш, ўзларини ҳақиқий қаҳрамондек тутиш ҳолатларини ўзида мужассам этади. Е.П. Ильин бу каби кўрсаткичнинг асосини оиладаги тарбия услуби ва шахснинг қадриятлар тизими билан боғлаган ҳолда тушунтириб беради.
Хулоса: Шундай қилиб, талабаларда альтруизм шаклланганлигини ўрганишга қаратилган қатор тадқиқотлар натижалари ҳамда назарий манбалар таҳлили асосида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин: шахсга йўналтирилган таълим альтруизмни намоён бўлишига таъсир этиб, қатор омиллар билан корреляцияланган. Жумладан:
- аҳлоқий омиллар: таълимнинг тарбиявий мақсадларида кўзда тутилган умуминсоний қадриятларга мувофиқлик истаги ва ўзгаларга эътиборли бўлиш, ҳар қандай шахсда альтриустик хулқ-атворни намоён қилишга ундайди;
- когнитив омиллар: инсонларни яхшироқ билиб олиш, дунёқарашини кенгайтириш, воқеликка нисбатан когнитив муносабат билдириш ёки малака орттириш истаги;
- ижтимоий омиллар: гуруҳ аъзосига айланиш ва ижтимоий қўллаб-қувватланиш истаги замирида “жамият учун фойдали” шахсга айланиш эҳтиёжи қондирилади;
- шахсий “Мен”ни ҳимоялаш: айбдорлик ҳиссидан қутилиш ёки шахсий муаммолардан қочиш истаги;
- ўз-ўзига баҳосини орттириш: шахсий қадр-қиммат ҳиссини ўзгаларнинг эътирофи орқали мустаҳкамлашга интилиш ва ўзига нисбатан ишончни ортиши. Ҳар биримизда “ички манометр” мавжуд бўлиб, ўзимизни қандай баҳолашимиз, ўзимизни қандай ҳис қилаётганимизни, ўзимиздан қониқаётган ёки қониқмаётганимизни аниқлаб беради. Ўз шахсимиздан қониққанлигимизнинг аҳамияти катта. Чунки, ўзига адекват баҳо берадиган талаба бирор қарорга келса, албатта ўзига катта масъулиятни олади. Натижада, талабада ижтимоий масъулият, эмпатия билан бирга альтруистик хулқ ҳам шаклланади.
Бундай қобилиятлар албатта шахсда ўз-ўзидан ривожланмайди, демакки, талабада ҳам бу жиҳатлар ўз-ўзидан ривожланмайди. Бунинг учун қуйидаги тавсияларни бериш мумкин:
- талабалар гуруҳида эмоционал муҳитни яхшилаш, талабаларда ижобий установкаларни шакллантириш;
- талабаларда альтруизм, эмпатия, ижтимоий масъулият, иродавий сифатларни шакллантириш механизмларини янада чуқурроқ тадқиқ этиш;
- талабаларда вазиятга нисбатан масъулият ҳиссини таркиб топтириш лозим. Талабага дакки бериш ёки қатъий талаб қўйиш, уларда айбдорлик ҳиссини шакллантиради, шу боисдан, шахс обрўсини тиклашга бўлган интилишни ортишига хизмат қилувчи топшириқларни қўллаш лозим;
- шахсни альтруизмга ўргатиш мумкин. Ижтимоий маъқулланган хатти-ҳаракатларнинг аҳамиятини шахсий намуна асосида кўрсатиб бериш орқали талабаларни англанган ҳулқ-атворга ўргатишнинг имкониятлари кенгаяди. Педагог ўзидаги хулқ-атвор орқали талабаларда альтруистик хулқ, яъни ўзгаларга ёрдам бериш, эмпатия ҳисларини шакллантириши даркор;
- агар биз талабалардан альтруистик хулқ-атворни кутадиган бўлсак, муҳим жиҳатни, яъни эзгу ишларни амалга оширишга ундовчи ички мотивацияни унутмаслигимиз керак. Талаба ўз альтруистик хатти-ҳаракатининг ички имкониятлари ва мотивларини тўғри англаб етишига эришиш;
-талабаларда альтруизм, толерантлик, иродавий сифатлар, эмоционал интеллектни шакллантиришга қаратилган махсус тренинг дастурларини ишлаб чиқиш тавсия этилади. Шахсдаги альтруистик хулқни шакллантиришга қаратилган тренинг машғулотларини ишлаб чиқишда ахлоқий онг, толерантликни таркиб топтириш ва эмоционал ўзини –ўзи бошқариш, эмпатия ҳислари, иродавий сифатларни ривожлантиришга эътибор қаратилса, шахс маънавий оламини қайта қуришга эришилган бўлар эди.

Адабиётлар

1. Битянова М.Р. Социальная психология. 2-е издание. -М.: Питер, 2008, с.162-167.
2. Ильин Е.П. Эмоция и чувства. - СПб.: Москва-Харьков-Минск, 2001, с.125 - 127.
3. Кандаков И.М. Психология иллюстрированный словарь. - СПб.: Прайм-Еврознак. 2007. - 250с.
4. Майерс Д. Социальная психология - СПб.: Питер. 2002, - 639с.


 

2012-2017. © Buxoro davlat universiteti. Barcha huquqlar himoyalangan.