БОЛАЛАР ТАФАККУРИНИНГ РИВОЖЛАНИШИДА ДЕПРИВАЦИЯНИНГ ТАЪСИРИ (Мақола Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг Ё 1-14 рақамли ёш олимлар лойихаси “Мактабгача ёшдаги болаларда депривациянинг психологик хусусиятлари” мавзуси асо

Якубова Гўзал Асатуллоевна Низомий номидаги ТДПУ катта илмий ходим изланувчиси
Аннотация: Ушбу мақолада мактабгача ёшдаги болалар тафаккурининг ривожланишида депривация қандай салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини аниқлаш юзасидан ўтказилган тадқиқот натижалари келтирилган.
Калит сўзлар: эҳтиёж, мулоқат, эмоционал алоқа, депривация, билиш жараёнлари, тафаккур, эмоционал депривация, когнитив депривация, сенсор депривация, ижтимоий депривация, яширин депривация, психологик профилактика, психокоррекция.
Аннотация: В статье рассматириваются различные точки зрения на понятие депривация и её виды. Приведены результаты проведенного эксперимента, изучены когнитивные сферы деятельности дошкольников.
Ключевые слова: потребность, общение, эмоциональное отношение, депривация, когнитивная сфера, сенсорная депривация, социальная депривация, психологическая профилактика.
Аbstract: This article considers various points of view on the deprivation and its types. The results of the conducted experiment are presented and cognitive spheres of the activity of pupils are studied in the article.
Key words: need, deprivation, emotional attitude, cognitive sphere, sensory deprivation, social deprivation, psychological prophylactics.

Мавзунинг долзарблиги: Ёш авлодни ҳар томонлама камолга етишида юзага келадиган эҳтиёжларини ўринли равишда қондириш лозим. Лекин шундай ҳолатлар ҳам бўладики, болада туғилган эҳтиёжлар тўлалигича қондирилмайди ёки унинг имкониятлари тўғри келмайди. Бу эса ўз навбатида бола психикасида турли хил даражадаги зўриқишларни юзага келтиради.
Депривация деганда, ҳаётий вазиятларда учрайдиган турли хил номақбул таъсирлар назарда тутилади. Депривация – хаётий вазиятлар, яъни узоқ вақт мобайнида болага унинг баъзи бир асосий (хаётий) психик эхтиёжларни қондириш учун имконият берилмаган вазият натижасида юзага келадиган психик ҳолатдир. Психологияда бир қанча депривация назариялари мавжуд. Депривациянинг кўринишлари, ҳали умуман нормал, эмоционал кўриниш чегарасидан чиқмайдиган енгил, ғалати хулқ-атвордан, тафаккур ва феъл-атвор ривожланишининг ўта қўпол жароҳатланишигача бўлган шахс ўзгаришларини қамраб олиши мумкин[1].
Депривациянинг асосий тўрт шакли ажратилади:
1. Рағбатлантирувчи (сенсор) депривация: сенсор рағбатланишларнинг пасайган сони ёки уларнинг чекланган ўзгарувчанлиги ва модаллиги.
2. Маънолар (когнитив) депривацияси: ташқарида содир бўлаётган ходисаларни тушунишга, хайрон бўлишга ва бошқаришга имкон бермайдиган аниқ, тартибсиз ва маъносиз ташқи дунёнинг ўта ўзгарувчан хаотик тузилмаси.
3. Эмоционал муносабатдаги (эмоционал) депривация: қандайдир шахсга нисбатан шахсий эмоционал муносабатни ўрнатиш учун етарли бўлмаган имконият ёки агар шундай имконият яратилган бўлса, ўхшаш эмоционал алоқанинг узилиши.
4. Ўхшашлик (ижтимоий) депривация: автоном ижтимоий ролни ўзлаштириш учун чекланган имконият[2].
Мактабгача бўлган ёш даври жадал психик ривожланиш босқичи ҳисобланади. Айнан бу ёшда, рухий физиологик функциялар такомиллашишдан бошлаб, мураккаб, шахсий, янги ҳосилалар билан якунлаган ҳолда барча соҳаларда прогрессив ўзгаришлар содир бўлади.
Боланинг фазовий тасаввурларини ривожланиши олти-етти ёшга келиб юқори даражага етади. Бу ёшдаги болалар учун фазовий вазиятларни таҳлил қилишга уриниш хосдир. Ҳар доим ҳам натижалар яхши бўлмасада, болалар фаолияти таҳлили фазо образини, нафақат нарсаларни акс этиши, балки уларнинг ўзаро жойлашиши, бўлинишини кўрсатади.
Тасаввур қилишларни ривожланиши кўп холда фикрлашни шакллантириш жараёнини тавсифлайди, унинг тикланиши бу ёшда ихтиёрий даражада тасаввурларни ўзгартириш имкониятини такомиллаштириш билан боғлиқ. Бу имконият янги ақлий ҳаракатлар усулларини ўзлаштиришга кўра, олти ёшларга келиб анчага ортади. Янги ақлий ҳаракатларнинг шаклланиши ривожланиш ва ўқитиш жараёнида бола томонидан ўзлаштириладиган ташқи нарсалар билан муайян харакатларнинг ўзлаштирилишига таянади. Мактабгача бўлган ёш турли хил образли фикрлашлар ривожланиши учун энг яхши имкониятларга эга. Н.Н. Поддъяков кўрсатишича, тўрт-олти ёшларда болалар томонидан ташқи мухитни ўрганишга ёрдам берадиган кўникма ва кобилиятларнинг жадал шаклланиши ва ривожланиши содир бўлади. Мазкур ақлий ривожланиш даражаси, яъни кўргазмали-амалий фикрлаш тайёрловчи бўлиб ҳисобланади. У ўраб турган олам ҳақида далиллар, маълумотларни шакллантириш учун асосларни яратишга ёрдам беради. Кўргазмали-амалий фикрлаш жараёнида янада мураккаб фикрлаш шакллари - кўргазмали-образли фикрлаш учун асослар юзага келади. У шу билан тавсифланадики, муаммоли вазиятни ҳал этиш амалий ҳаракатларни қўлламасдан, тасаввурлар оқимида бола томонидан амалга оширилади. Мактабгача бўлган ёш охирига келиб кўргазмали-образли фикрлашнинг юқори шакли - кўргазмали-схематик фикрлаш устун туради. Бу ақлий ривожланиш даражасининг бола томонидан эришиш акси бўлиб, болалар расмлари схемаси, вазифаларни ечишда схематик тасвирдан фойдлалана олиш қобилияти ҳисобланади[3].
Кўргазмали-схематик фикрлаш, бола томонидан турли хил нарса ва ҳодисаларнинг умумлашган моделини яратиш воситаси бўлиб, ташқи муҳитни ўзлаштиришда катта имкониятларни яратади. Умумлашган қирраларни эгаллаб, бу фикрлаш шакли, нарсалар ва уларнинг ўринбосарлари билан реал ҳаракатларга таянадиган образли бўлиб қолади. Шу билан бирга мазкур фикрлаш шакли тушунчаларни ишлатиш ва қайта ҳосил қилиш билан боғлиқ бўлган мантиқий фикрлашни ҳосил қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади. Шундай қилиб, олти-етти ёшларга келиб бола муаммоли вазиятни ҳал этишга уч хил усул билан ёндашиши мумкин, масалан: кўргазмали-амалий, кўргазмали-образли ва мантиқий фикрлашдан фойдаланиш. Катта боғча ёшини, мантиқий фикрлашнинг жадал шаклланиши бошланиши керак бўлган даврда кўриб чиқиш лозим, шу билан бирга ақлий ривожланишнинг яқин бўлган истиқболи аниқланади.
Катта боғча ёшига келиб, катта амалий ҳаракатлар тажрибасининг йиғилиши идрок қилиш, хотира, тасаввур ва фикрлаш ривожланишининг етарли даражаси болада ўз кучига ишониш хиссини ортиради. Бу, хулқ-атворнинг иродавий бошқарилиши ёрдам берадиган турли хил ва мураккаб мақсадлар қўйишда ифодаланади. Олти-етти ёшдаги бола узок мақсадга (тасаввур қилинадиган) интилиши мумкин ва бунда узоқ вақт мобайнида кучли иродавий зўриқишни бошдан кечиради.
Иродавий ҳаракатларни бажаришда ихтиёрий бошқарилса ҳам тақлид қилиш катта ўринни эгаллайверади. Шу билан бирга болани муайян ҳаракатларга ундовчи катталарнинг сўзли кўрсатмалари янада катта аҳамиятга эга бўлади. Катта боғча ёшидаги болада олдиндан таяниш босқичи яққол кўриниб туради. Ўйин, ўз харакатлари муайян йўналишини олдиндан ишлаб чикишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам, у хулқ-атворни иродавий бошқаришга, қобилиятни такомиллаштиришга етарли даражада рағбатлантиради.
Депривация даражаси ва тури ташхиси учун бир катор айрим сабабларга кўра, бола психикаси ривожланиш даражаси фаркланган кўринишга эга бўлиши зарур: кўпол ва нозик моторика, ижтимоий хулқ-атвор, нутқ ва бошқалар[4].
Мақоладан кўзда тутилган мақсад, мактабгача ёшдаги болаларнинг турли муассасаларда яъни, МТМ, Мехрибонлик уйи ва Болалар шахарчаларидаги (SOS) шароитда, тарбияланувчиларда билиш жараёнларининг ривожланишига депривациянинг салбий таъсирини ўрганиш.
Методика: Тадқиқот № 24-Мехрибонлик уйининг мактабгача ёшдаги ота-она қарамоғисиз қолган тарбияланувчилари, SOS (Болалар шахарчаси) ҳамда № 112-МТМ тарбияланувчиларида олиб борилди. Экспериментда 152 нафар 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар иштирок этдилар.
Мактабгача ёшдаги болаларнинг тафаккурини аниқлашда биз “Кесма рақамлар” методикасидан фойдаландик ва болаларда тафаккурнинг ривожланганлиги бўйича олинган натижаларни қуйидаги жадвалда умумлаштириб акс эттиришга ҳаракат қилдик.

Турли таълим муассасаси тарбияланувчиларида тафаккурнинг ривожланганлиги
Синалувчилар N X Σ m T
Мактабгача таълим муассасаси 76 6,29 1,18 0,21

16,2***

1,7(0,93)
Меҳрибонлик уйи 38 2,58 1,06 0,15
Болалар шаҳарчаси(SOS) 38 3,02 1,19 0,22

Тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчиларида тафаккурнинг ривожланганлиги ўртача арифметик қиймати 6,29 га, ўрта квадрат тарқоқлик 1,18 га, ўртача хато 0,21 га тенг. Юқоридаги натижалардан мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчи болаларнинг тафаккури яхши ривожланганлигини кўриш мумкин. Тафаккур боланинг боғча ёшида жуда тез ривожлана бошлайди. Бунинг сабаби, биринчидан, боғча ёшидаги болаларда турмуш тажрибасининг анчагина кўпайиши, иккинчидан, бу даврда болалар нутқининг нисбатан яхши ўсган бўлиши, учинчидан эса, мактабгача таълим муассасасида ҳаракатлар қилиш имкониятига эга бўлишларидир. Боғча ёшидаги болаларда мустақил ҳаракатлари давомида атрофларидаги турли хил нарсалар билан бевосита таққослаш, анализ қилиш ва ниҳоят умумлаштириш каби тафаккур операциялари шаклланади. Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар тафаккурининг ривожланганлик даражаси ўртача арифметик қиймати 2,58 га, ўрта квадрат тарқоқлик 1,06 га, ўртача хато 0,22 га тенг. Бу кўрсаткичдан меҳрибонлик уйларида тарбияланувчи болаларнинг тафаккури, мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчилари тафаккуридан сустроқ ривожланганлигини кўриш мумкин. Улар орасидаги фарқ муқаррарлик мезони t =16,2 (р<0,001). Меҳрибонлик уйи ёпиқ турдаги муассаса бўлганлиги туфайли боланинг тафаккури ривожланишига тўсқинлик қилади. Бола ташқи оламдан узилиб қолиши, муассасадаги бир хиллик, ички муҳитнинг салбий таъсири, тарбиячиларнинг тез-тез алмашиниб туришлари бола янги нарсаларни ўрганишида, тафаккурининг бойишига ҳалал беради.


Болалар шаҳарчаси (SOS) тарбияланувчиларида тафаккурнинг ривожланганлик даражаси ўртача арифметик қиймати 3,02 га, ўрта квадрат тарқоқлик 1,19 га, ўртача хато 0,22 га тенг (t=1,7; p<0,93). Тафаккурнинг болалар шаҳарчаси (SOS) даги бундай кўрсаткичлари, улар ички муҳитининг бир мунча яхшилигидан далолатдир.
Ўтказилган тадқиқот натижаларини қуйидаги диаграммадан яққолроқ билиб олишимиз мумкин.
Мактабгача ёшдаги болалар ўз тажрибаларида анча нарсаларни билиб олганларидан сўнг нарсаларнинг ички хусусиятлари билан ҳам қизиқа бошлайдилар. Шу сабабли, уларда жуда кўп саволлар (Бу нима? Нега бунақа? Ким қилган? Қаердан келган? Нима қилади? каби) пайдо бўлади. Бу шубҳасиз, тафаккурнинг фаол ва жадал ривожланиши учун замин ҳозирлайди. Агар болани ўраб турган олам қанча бой ва қизиқарли бўлса бола тафаккури шунча яхши ривожланади.
Хулоса: Мaктaбгaчa ёшдаги турли муассасаларда тарбияланувчи болалардаги билиш жараёнларини ўрганишда шундай хулосага келиш мумкинки, боланинг психик ривожланишида ва унинг билиш жараёнлари ривожланишига ота-она ва атроф-муҳитнинг ўрни катта. Биз олиб борган тадқиқот натижалари таҳлилидан шуни айтишимиз мумкинки, болада билиш жараёнларининг ривожланишига оилавий шароит, атроф-муҳит, ота-она мехрининг йўқлиги каби ҳолатларнинг салбий таъсири катта. Бола ўзи яшаётган мухитида ўзини қанчалик қулай хис қилса, катталар томонидан ўз вақтида рағбатлантириб турилса ва унинг барча эҳтиёжлари ўз вақтида қондирилса, ундаги барча психик хусусиятлар, психик ҳолатлар ўз вақтида ривожланади. Меҳрибонлик уйларида олиб борилган тадқиқот натижалари шуни англатадики, у ерда тарбияланаётган болаларга ота-онанинг меҳри етишмаслиги, яқин эмоционал мулоқотнинг йўқлиги, тарбиячи ходимлар томонидан қўйилган тартиб интизом, боланинг талаблари билан қизиқмаслик ва ҳар бир бола билан индивидуал ёндашувнинг танқислиги, унинг психик ривожланиши ва албатта билиш жараёнларидан диққат, хотира, идрок ва тафаккурнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Мактабгача тарбия муассасаси тарбияланувчиларининг аксарияти тўлиқ оила фарзандлари бўлганликлари учун, улар билан ҳам тарбиячилар ва ота-оналар болаларнинг эҳтиёжларини ва хоҳиш истакларини ўз вақтида қондириб, уларга кераклича меҳр берганликлари сабабли бу болаларда билиш жараёнлари ва психик ривожланиш, мехрибонлик уйларидаги болаларникидан анча юқори. Яъни, улар хар томонлама яхши ривожланган. Болалар шаҳарчаси (SOS) тарбияланувчиларининг билиш жараёнлари, мехрибонлик уйларида яшовчи болаларникига нисбатан бир мунча баланд. Бунга сабаб, болалар шахарчасида яшовчи болаларнинг яшаш шароитлари, мехрибонлик уйида тарбияланаётган болаларникидан фарқ қилади. Улар қулай, оилавий шароитга яқин бўлган муҳитда тарбияланадилар. Уларнинг оналари, опа-сингил ва ака-укалари бор. Улардаги шароитда болалар ўзларини оиласи бор, деб ҳис қиладилар ва шахслараро муносабатда ҳам мехр мухаббатга эришадилар. Уларнинг оналари ўсаётган бола билан яқин эмоционал муносабатда бўлишга харакат қилади. Булар ўз-ўзидан боланинг психик ривожланишига яхши таъсир қилади.

Адабиётлар

1. Творогова Н. Д., Д. Творогова //Экология человека. - 2001. - N 4. - с. 21-25.
2. И.Лангмейер, З.Матейчек. Психическая депривация в детском возрасте. - Прага, 1984.
3. Поддьяков Н. Н., Говоркова А. Ф. Развитие мышления и умственное воспитание дошкольника. - М: Педогогика, 1985.- 200с.
4. Рогов, Е.И. Настольная книга практического психолога: Учеб. пособие: в 2 кн. – М.: Изд-во ВЛАДОС-ПРЕСС, 2005. – Кн. 1: Система работы психолога с детьми разного возраста. – 384 с.







 

2012-2017. © Buxoro davlat universiteti. Barcha huquqlar himoyalangan.