ЎҚУВЧИЛАРДА ТАЯНЧ КОМПЕТЕНЦИЯЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ ПЕДАГОГИК-ПСИХОЛОГИК АСОСЛАРИ

Азимова Феруза Сунатиллоевна Низомий номидаги ТДПУ мустақил изланувчиси
Аннотация: Мазкур мақолада ўқувчиларнинг таянч компетенцияларини шакллантириш ва ривожлантиришнинг педагогик-психологик асослари, бунда адабий таълимнинг ўрни ва аҳамияти ёритиб берилган. Адабиёт дарсларини ДТС талаблари асосида тўғри ташкил қилиш, бунда бадиий асарларнинг дидактик таҳлилига жиддий эътибор қаратиш, замонавий таълим технологиялари талабларига риоя қилиш, ўқувчиларнинг предметга оид компетенцияларини ривожлантириш негизида улардаги таянч компетенцияларни такомиллаштиришга, баркамол шахсни тарбиялашга эришиш масалаларига муносабат билдирилган.
Калит сўзлар: адабий таълим, ўқув дастури, компетентлик, таянч компетенция, технология, мотивация, бадиий таҳлил, дидактик таҳлил.
Аннотация: Работа посвящена изучению психолого-педагогическим основам развития основных компетентностей учащихся. Большая роль в их развитии отводжится учителям, их умению грамотно строить учебно-воспитательный процесс.
Ключевые слова: учебная программа, компетентность, технология, мотивация, дидактический анализ.
Abstract: The article deals with the pedagogical and psychological bases of the formation and development of teachers’ competence. The role of literary education in this process is highlighted in the article. The author of the article presents her attitude towards the organization of State Standards on Education, the attention that has to be paid to the didactic interpretation of literary works, meeting the requirements of innovative educational technologies, enhancement of the competence of students related to the subject and upbringing spiritually perfect generation.
Key words: academic program, competence, technology, motivation, didactical analysis.

Мавзунинг долзарблиги: Бугунги бозор иқтисоди муносабатларида комил инсон шахсини шакллантириш, маънан соғлом жамиятни вужудга келтириш, миллий негизда шаклланган ва ривожлантирилган маънавиятни, юксак даражадаги маърифатни қарор топтириш энг муҳим муаммолардан бирини ташкил қилади. Бинобарин, давлатимизнинг биринчи президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек: “Жамият тараққиётининг асоси, уни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қоладиган ягона куч – маърифатдир… маънавият, маърифатни тарғиб қилиш ҳар бир зиёлининг виждон ишидир” [1, 36-37]. “Бу соҳадаги ишларимизнинг пировард мақсади – имон-эътиқоди бутун, иродаси бақувват, эркин фуқаро маънавиятини шакллантиришдир. Яъни мустақил дунёқарашга эга, аждодларимизнинг бебаҳо мероси ва замонавий тафаккурга таяниб яшайдиган баркамол шахс – комил инсонни тарбиялашдан иборат” [2].
Комил инсон тарбияси эса бевосита таълим тизими, таълим босқичлари билан узвий боғлиқ жараёндир. Бугун ҳар жиҳатдан ривожланиб бораётган илм-фан, техника тараққиёти таълимнинг барча босқичларида баркамол шахс тарбиясига алоҳида эътибор беришни талаб қилмоқда. Мактабгача таълим босқичидан бошлаб, умумий ўрта таълим, ўрта махсус академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, олий таълим муассасаларида ҳам юксак маънавиятли шахс тарбиялаш, маънавий баркамол авлодни шакллантириш, комил инсонни камол топтириш ниҳоятда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Маънавий етук, баркамол шахс тарбиясида компетенция ва компетентлик ўзига хос, ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Шунга кўра, 2010 йилдан бошлаб, таълим соҳасидаги мавжуд тажрибалар, ютуқ ва камчиликлар чуқур таҳлил қилинди. Умумий ўрта, ўрта махсус касб-ҳунар таълими, олий таълимга тегишли Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурларининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашга, таълимни замонавий талабларга мос равишда ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилди. 2013 йилдан эса, Ўзбекистон Республикаси таълим тизимида хориж тажрибаларида юқори кўрсаткичларга эга бўлган компетенциявий ёндошув кенг йўлга қўйилди. Чет тилини ўқитишда эришилаётган муваффақиятлар эътиборга олиниб, узлуксиз мажбурий таълим тизими учун бошқа умумтаълим фанларидан ҳам компетенциявий ёндошувга асосланган Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари ишлаб чиқилди ва тажриба синовдан ўтказилди [4, 21].
Маълумки, компетенция – билим, кўникма, малака, қарашлар, индивиднинг қадрияти ва шахсий сифатлари, квалификациянинг намоён бўлиши ёки таъсир кўрсатиш қобилияти бўлиб, ХХ асрнинг 60- йилларидан бошлаб хориж илмий адабиётларида, психологик манбаларда акс эта бошлаган, 90- йилларга келиб эса таълим тизимига кириб келган.
Дастлаб, компетенциялар уч асосий гуруҳга ажратилади: шахсиятга доир, метапредметли ва ўқув предметига оид. Таълим жараёнида педагогнинг асосий вазифаси - ўқувчилардаги предметга ҳамда метапредметга оид (таянч) компетенцияларни шакллантириш ва ривожлантиришга ёрдам беришдан иборат. Рус олимлари ўқувчиларда шакллантирилиши лозим бўлган компетенцияларни қуйидагича белгилайдилар:
Метапредмет компетенциялари (таянч компетенциялар).
Предметлераро компетенциялар.
Предметга оид компетенциялар.
Метапредметга (“мета” - олдин, устида: “предметдан олдин”, “предмет устида”) оид компетенциялар инсон ҳаётий фаолиятидаги муҳим кўрсаткичлар бўлиб, жамиятдаги муваффақиятли турмуш тарзини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади. Муваффақиятга етакловчи маълум бир турдаги лаёқатлар, қобилият ва малакалар инсон шахсиятидаги таянч компетенция ҳисобланади. Метапредметли (таянч) компетенциялар – барча фанлар учун умумий бўлган компетенциялар, ўзлаштирилган универсал фаолият усуллари бўлиб, улар таълим жраёнида ҳам, реал ҳаётий вазиятларда ҳам татбиқ этилиши мумкин. Метапредметли технология ҳар бир ўқувчининг турли фаолият турларига кириша олишини кўзда тутади, бу унинг шахс сифатидаги камолоти учун шароит яратиб беради.
Таянч компетенцияларни психолог, педагог олимлар муайян давлатнинг иқтисодий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаёти, таълим тизими, концепциясига мувофиқ турлича белгилашади. Таянч компетенциялар ҳар бир давлат таълим тизимида, ДТСларида ўзаро ўхшаш ва ўзига хос мазмун-моҳият касб этади [4, 10-20]. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг компетенциявий ёндошувга асосланган умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари ҳам жаҳон андозаларига, миллий, умуминсоний қадриятларга мос равишда ишлаб чиқилди ва тажриба-синовдан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг етакчи мутахассислари билан ўзаро ҳамкорликда тузилган мазкур лойиҳаларда умумтаълим фанларини ўқитиш жараёни яхлит уч босқичга ажратилган ва қуйидаги компетенциялар, таълим жараёнида ўқувчиларда шакллантирилиши лозим бўлган асосий таянч компетенциялар сифатида белгилаб берилган:
- Коммуникатив;
- Ахборот билан ишлаш;
- Шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш;
- Ижтимоий фаол фуқаролик;
- Умуммаданий.
- Математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш.
Таълим жараёнида ўқувчиларда шакллантирилиши лозим бўлган бу таянч компетенциялар ҳар бир фан доирасида предметга оид компетенцияларни шакллантириш билан параллел равишда олиб борилиши ва такомиллаштирилиши мақсадга мувофиқ. Шунга кўра, 2016 йилда мукаммал лойиҳалаштирилган, Ўзбекистон Республикаси узлуксиз мажбурий таълим тизимининг Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларида ўқувчиларда шакллантириладиган ва ривожлантириладиган метапредметли, яъни таянч компетенцияларнинг умумий таснифи, ҳамда ҳар бир фан моҳиятидан ўсиб чиқадиган махсус таснифлари алоҳида-алоҳида кўрсатиб берилган.
Методика: Компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган таълим – ўқувчиларнинг эгалланган билим, кўникма ва малакаларини ўз шахсий, касбий ва ижтимоий фаолиятларида амалий қўллай олиш имкониятидир. Компетенциявий ёндашувга асосланган таълим ўқувчиларда мустақиллик, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш, ташаббускорлик, медиаресурслар ва ахборот-коммуникация технологияларидан ўз фаолиятида оқилона фойдалана олиш, онгли равишда касб-ҳунар танлаш, соғлом рақобат ҳамда умуммаданий компетентликни шакллантиради. Ўқувчи ўз ҳаётида шахсий, ижтимоий, иқтисодий ва касбий муносабатларга киришиши, жамиятда ўз ўрнини эгаллаши, дуч келадиган муаммоларнинг ечимини ҳал этиши, ўз соҳаси, касби бўйича рақобатбардош бўлиши учун, уларда таянч ҳамда адабиёт ўқув фанини ўзлаштириш жараёнида фаннинг ўзига хослиги, мазмунидан келиб чиққан ҳолда фанга оид компетенциялар шакллантирилади.
Бу ёндашув адабиёт фанини ўқитиш жараёнига ҳам кенг татбиқ қилинган. Лойиҳадаги ДТС талабларида уч босқичли (бошланғич, умумий ўрта, ўрта махсус) адабий таълимда ўқувчиларда шакллантирилиши ва такомиллаштирилиши лозим, деб кўрсатилган таянч компетенциялар қуйидагилардан иборат:
1. Коммуникатив компетенция:
– ўз фикрини оғзаки ва ёзма тарзда қисқа, лўнда, тушунарли ҳамда таъсирчан баён қилиш, сўзларни талаффуз қилишда урғуни тўғри қўйиш, нутқда шевага хос сўзларни ишлатмаслик, адабий тил меъёрларига амал қилиш, ўз фикрини имло ва ҳуснихат қоидаларига риоя этган ҳолда хатоларсиз баён қилиш;
– турли давраларда, катта-кичик ёшдаги нотаниш инсонлар билан мулоқотга кириша олиш, мулоқотда ўзидан катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш;
– вазият тақозосига кўра ҳамкорликда ишлаш жараёнида жамоа ва гуруҳ аъзолари фикрини тинглай билиш, ҳурмат қилиш, эътирозли фикрларга тўғри муносабат билдириш, улар фикрини шакллантиришда ўз улушини қўшиш;
– ўқилган, тингланган матн тилининг содда ва равонлиги, тасвирий ифодалар, табиат манзараси, портрет чизгилари, адиб маҳорати, матндаги персонажлар, улар характерини ўрганишга оид саволларни тўғри қўя олиш ва унга жавоб бериш.
2. Ахборот билан ишлаш компетенцияси:
– мавжуд ахборот манбаларидан (китоб, оммавий ахборот воситалари, интернет, (аудио-видео ёзув), телефон, компьютер, электрон почта ва бошқ.) фойдалана олиш ва улардаги материалларга онгли муносабат билдириш, хулоса чиқариш, ибрат олиш ва ўз фаолиятида қўллаш;
– медиа воситалардан адабий таълимга оид зарур бўлган ахборотларни излаб топа олиш, саралаш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш ва фойдаланишда медиа-маданиятга риоя қилиш;
– кундалик фаолиятда учрайдиган ҳужжатлар (оддий табрикномалар ёза олиш, анкеталарни тўлдириш, сўралган жойларга ўзи тўғрисидаги маълумотларни тақдим эта олиши ва бошқ.) билан ишлай олиш.
3. Шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш компетенцияси:
– шахс сифатида доимий равишда ўз-ўзини ривожлантириш, маънавий, руҳий ва интеллектуал камолотга интилишни ўқувчининг доимий ҳаётий-маънавий эҳтиёжига айлантириш;
– миллий ва умуминсоний қадриятларни эъзозлаш ва уларга амал қилиш;
– ҳаёти давомида турли йўналишдаги (бадиий, публицистик, илмий, илмий-оммабоп, фан ва техника, санъат ва бошқаларга доир) китобларни мунтазам ўқиш ва ўрганиш, хулоса чиқариш, ибрат олиш, тегишли ҳолатларда улардан ўз фикрининг исботи ва далили сифатида амлиётда фойдалана олиш;
– ўз ҳатти-ҳаракати, фикр-мулоҳазаларига танқидий ёндаша олиш, ўзини назорат қила билиш, оғзаки ва ёзма матнлар мазмунига тўғри баҳо бера билиш;
4. Ижтимоий фаол фуқаролик компетенцияси:
– жамиятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва жараёнларга дахлдорликни ҳис этиш ва фаол иштирок этиш;
– мактабда ва мактабдан ташқари тадбирларда (турли мавзудаги кўрик-танловлар, мусобақалар ва ҳ.к.) фаол иштирок этиш, атрофдаги инсонлар билан хушмуомалада бўлиш;
– бадиий асарларда хилма-хил шакл ва кўринишларда намоён бўладиган қаҳрамон ва персонажларнинг ижтимоий-маънавий, фуқаролик, инсонийлик ва бошқа бурч ҳамда ҳуқуқларини бажаришларидаги ўзига хосликлар (ҳалол, виждонли, жонкуяр, ғирром, лоқайд...)га қараб туриб холис ва жиддий мулоҳаза юрита олиш;
– бадиий асарларда акс этган юксак маънавий фазилатлар, шунингдек, юксак бадиият намуналарини англаш, ҳис этиш ва бошқаларга етказишга интилиш.
5. Умуммаданий компетенция:
– бадиий адабиёт ва санъатда акс этган ватанпарварлик, инсонпарварлик ғояларини, умуминсоний ва миллий қадриятлар тасвиридаги ўзига хосликларни англаш, улардан таъсирланиш, улардаги гўзаллик ва эзгуликдан ўрнак олишга интилиш, ёвузлик ва хунукликдан нафратлана билиш;
– бадиий асарларда акс этган тарихий, маънавий ва маданий ҳодисалар моҳиятини тўғри тушуниш ва талқин қила олиш, улардаги эстетик жиҳатларни илғаш ҳамда тушунтириб бера олиш.
6. Математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш компетенцияси:
– аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда шахсий, оилавий, касбий ва иқтисодий режаларини туза олиш;
– шахсий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларда ҳисоб-китоб билан иш юритиш;
– кундалик фаолиятда турли формула, модел, чизма, график ва диаграммаларни ўқий олиш ва фойдаланиш;
– инсон меҳнатини енгиллаштирадиган, меҳнат унумдорлигини оширадиган ва қулай шарт-шароитга олиб келадиган фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдалана олиш [3].
Компетенция билим, кўникма, малака ва ҳаётий тажрибаларнинг амалиётдаги тадбиқи сифатида ўқувчи ҳаётида, унинг шахс сифатидаги камолотида катта роль ўйнар экан, бугун ҳар жиҳатдан баркамол, маънавий етук шахс тарбиялашда айни масалага жиддий ёндашиш, таълим жараёнида ўқувчида предметга оид компетенцияларни шакллантириш ва ривожлантириш баробарида уларда метапредметли, яъни таянч компетенцияларни шакллантириш ва ривожлантиришга эришиш мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, ўқувчиларда компетенцияларни шакллантириш ва такомиллаштиришда адабий таълим жараёни, бадиий асарларни ўрганиш ва таҳлил қилиш, ўрганилаётган асар қаҳрамонларининг психологиясига, шахсий сифатларига муносабат билдириш алоҳида ўрин тутади. Ўқувчилардаги амалий саводхонликни ошириш, уларнинг бадиий-эстетик дидларини такомиллаштириш, оғзаки ва ёзма нутқнинг турли шакл ва жанрлари воситасида шакллантириладиган кўникма ва малакалар фақат адабий таълимни эмас, бошқа ўқув предметларини ўзлаштиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Янги таҳрирдаги адабиёт дастурларида ўқувчиларнинг адабий таълим билан боғлиқ компетенциялари қуйидагича изоҳланади: Адабий компетенция – ўқувчиларнинг адабиёт фани бўйича эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини кундалик ҳаётда дуч келадиган воқеа-ҳодисаларга татбиқ этиш, адабий жараён янгиликларига муносабат билдириш, адабий-назарий қоидаларидан фойдаланиб, бадиий асарларни таҳлил қилиш ва баҳолашда ўринли фойдалана олиш қобилиятидир. Шундай қилиб, компетентлик педагогик ёндошувда, адабий таълимни ўқитиш жараёнида ўқувчиларда адабий-нутқий компетенциялар: адабий-маърифий тушунчалар, адабий-назарий билимлар, адабий билимларни амалиётда қўллаш компетенциялари шакллантирилади. Мажбурий таълим тизимида адабий таълимни ўқитишнинг мақсади, адабий билимларни амалиётда қўллаш компетенциясида яққол намоён бўлади.
Шунга кўра, ўқувчилар ўрганилган халқ оғзаки ижоди, мумтоз ва замонавий адабиёт, жаҳон адабиёти намуналаридан тегишли хулосалар чиқариши, ибрат олиши, адабий тил меъёрларига риоя қилган ҳолда тўғри ва тушунарли сўзлаши, ўз фикрини бошқаларга етказа олиши, халқ мақоллари, маталлари, афоризм ва бошқалардан, кундалик оғзаки сўзлашувлардан ўринли фойдаланиши, асар ва унинг қаҳрамонларига ёзма ва оғзаки тавсиф бериши, аннотация ва тақризлар, реферат ва иншолар, ижодий матнлар ёза олиши, тушунарли ва равон нутққа эга бўлиши, мунтазам равишда оғзаки ва ёзма нутқини бойитиб бориши, ривожлантириши зарур, - дея таъкидлайди профессор Б.Тўхлиев. Бу эса ўз навбатида, улардаги ахборотлар билан ишлаш, коммуникатив, шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаролик ва умуммаданий компетенцияларни такомиллаштиришга муносиб замин яратади.
Адабиёт дарсларида ўрганилаётган ҳар бир бадиий асарнинг дидактик таҳлилини амалга ошириш, бу борада эстетик тамойилларга, психологик асосларга таяниш, ўқув таҳлилини филологик таҳлил даражасига кўтариш натижасида ўқувчилар бадиий жиҳатдан мукаммал асарларни саёз асарлардан фарқлай оладилар ҳамда ўзгалар фикрини тинглаш ва унга муносиб муносабат билдириш, жамоавий ҳамкорликда ишлаш лаёқатига, ўзлари учун зарурий ахборот бўлувчи манбаларни тўғри танлаш, улардан ўринли фойдаланиш имкониятига, китобхонлик маданиятига эга бўладилар. Адабиёт фани доирасида шаклланадиган бу компетенциялар, ўз навбатида коммуникатив, шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш, умуммаданий, ахборотлар билан ишлаш каби таянч компетенцияларни шакллантириш ва ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади.
Ўқувчиларнинг таянч компетенцияларини шакллантириш ва такомиллаштиришда адабий таълим жараёни ниҳоятда самарадор аҳамиятга эга экан, адабиёт дарсларини ДТС ва ўқув дастурлари талабларига мувофиқ тўғри ташкил қилиш таълимда муваффақият қозонишга, баркамол шахс, комил инсонни тарбиялашга муносиб замин яратади. Таълим мазмуни, сифат ва самараси, мақсад ва вазифаси, дидактик хусусияти аниқ ҳамда қатъий белгиланган тартибда амалга оширилса, таълимнинг узвийлик ва узлуксизлик, изчиллик ва кетма-кетлик тамойилларига таяниб иш юритилса, ҳар қандай таълимдан кўзланган мақсад муваффақиятли ечим топади ва юксак маънавиятли баркамол шахс тарбиялашдек муҳим ва долзарб вазифа етарли даражада ҳал қилинади.
Хусусан, таълим тизимидаги мутлақо янгича босқич бўлган академик лицей ўқувчиларининг таянч компетенцияларини такомиллаштиришда бадиий асарларни ўқиб ўрганиш, ўрганилаётган асар таҳлилини талаб даражасида амалга ошириш, яъни бадиий асарнинг сиру-синоатини том маъноси билан англашга уриниш, унда мужассамлашган маънавий олам ҳодисаларининг бадиий тадқиқи ва талқини билан яқиндан ошно бўлиш, асарда акс этган эстетик моҳиятни теран англаш ўқувчиларнинг предметга оид компетенцияларини шакллантириш ва ривожлантириш билан бир вақтда, уларнинг таянч компетенцияларини ҳам такомиллаштиришга, уларнинг етук шахс сифатида камол топишига муносиб ҳисса қўшади. Афсуски, айни мана шу жабҳада ҳали анчагина жиддий оқсашлар, нотугалликлар кўзга ташланади, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ўз ечимини кутиб турибди. Бу борада, дастлаб муаммонинг илмий-назарий жиҳатдан ўрганилмаганлиги, иккинчидан, тегишли методик манбалар, ишланмаларнинг мавжуд эмаслиги, адабиёт ўқитувчилари амалиётида таълимга компетенциявий ёндашув, таянч ва адабий компетенцияларни шакллантириш ва ривожлантириш технологияларига доир, шунингдек, бадиий асарни ўрганиш, уни бадиий-эстетик таҳлил қилишга нисбатан яхлит илмий-назарий базанинг етишмаслиги, амалий жиҳатдан эса тайёр ишланмаларнинг, методик манбаларнинг озлиги сабаб бўлиб турибди.
Ўқувчиларнинг таянч компетенцияларини шакллантириш ва такомиллаштириш, уларнинг интеллектуал ривожини, етук шахс сифатидаги камолотини таъминлаш, маънавий оламини юксалтиришда эса адабиёт бирламчи восита, асосий қурол, муҳим омил вазифасини ўтайди. Зеро, адабиёт хазинасидан ўрин олаётган ҳар қандай асар аввало, юксак маънавият, эстетик завқ манбаи эканлиги билан, унинг ижодкори эса маънавият, маърифат жарчиси, эзгулик тарғиботчиси эканлиги билан мангуликка дахлдор саналади. Минг йиллик тарихий негизларга эга, юксак маънавий озуқа бера оладиган мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти дурдоналари инсон дунёқарашини шакллантириш, тафаккури, нутқий фаолиятини ўстириш, дид ва нафосатини, бадиий идрокини тарбиялашда, сўз бойлигини оширишда, мулоқот-муносабатлардаги фаолликни таъминлашда энг асосий, бирламчи вазифани бажаради. Шу маънода, академик лицей таълим босқичида, адабиёт дарсларида, бадиий асар таҳлилидан ўринли фойдаланиб, ёшларимизнинг таянч компетенцияларини такомиллаштириш, уларнинг дунёқарашини, маънавий оламини камол топтириш, уларни комил инсон сифатида тарбиялаш ҳозирги таълим тизимининг асосий вазифаларидан биридир. Бугун тезкор шиддат билан янгиланиб бораётган илм-фан, педагогик технология, академик лицейларда адабиёт ўқитиш жараёни, бир қанча илмий-методик материалларга, дарслик-мажмуаларга эҳтиёж сезаётганлигини кўрсатмоқда.
Хулоса: Замонавий таълим тизимининг ҳар жиҳатдан мукаммаллик касб этиши дарсликлар таъминоти, дарсликлар салоҳияти билан ҳам узвий боғлиқ. Шундан англашиладики, бугунги адабиётшунос ва методист олимларимиз олдида турган энг муҳим ва кечиктирилмасдан ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалардан бири ҳам, академик лицей таълим босқичи учун замонавий таълим меъёрларига мувофиқ келадиган адабиёт дарсликларининг, ўқув қўлланмаларининг мукаммал кўринишларини, муқобил вариантларини яратиб беришдан иборатдир.
Бадиий асарни ўрганиш жараёнида дарслик ва қўлланмалар, бадиий матнлардан ҳам биринчи навбатда ўқитувчининг педагогик маҳорати, бадиий-эстетик таҳлил малакаси, илмий-ижодий салоҳияти етакчи аҳамият касб этади. Чунки, дарслик ҳар қанча мукаммал, адабий матн ҳар жиҳатдан бадиий баркамол бўлмасин, адабиёт ўқитувчиси изланувчан ва ижодкор, юксак илмий салоҳиятга эга бўлган, ўқувчиларини тўғри таҳлилга йўналтира олган тақдирдагина адабиёт дарсларидан кўзланган мақсад муваффақиятли тарзда амалга оширилиши мумкин. Бугунги янгиланган педагогик тафаккур ҳам, тубдан ислоҳ топаётган таълим тизими ҳам нафақат ўқувчининг фаол ва ҳаракатчан, интилувчан ва қизиқувчан бўлишини, балки таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган ҳар бир педагогдан ўз устида тинимсиз изланишлар олиб боришни, илмий-ижодий баркамоллик касб этишни, анъанавий қолипларга бўйсуниб қолмасдан, замонавий педагогик технологиялардан, интерфаол методлардан моҳирона фойдаланиб, машғулотлар самарадорлигини оширишни тақозо қилади.
Ўқитувчи ва ўқувчи ҳамкорлиги кенг йўлга қўйилган, “субъект-субъект” муносабати қарор топган, ўқувчилар пассив тингловчи даражасидан актив иштирокчига кўтарилган, ижодий фазилатларини намоён қила олган, ўқувчининг интеллуктуал салоҳиятини ошириш, уларда таянч компетенцияларни шакллантириш ва ривожлантиришга йўналтирилган дарсларгина методик жиҳатдан мукаммаллик касб этади ва бугунги жадал ривожланиб бораётган педагогик жараённинг илғор ютуқлари сирасидан ўрин эгаллайди. Шу маънода, ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ШАХС тарбиясига жиддий эътибор қаратилаётган бугунги таълим тизимида бадиий-эстетик тафаккури теран, ўз дунёқараши, пок эътиқодига эга ўқувчини шакллантириш, чинакам сўз санъатига муҳаббати барқарор, маънан баркамол қитобхонлар сафини кенгайтириш адабиёт ўқитувчисининг инсонийлик бурчи, энг олий педагогик мақсадига айланмоғи жоиз.

Адабиётлар
1. Каримов. И.А.Адолатли жамият сари. – Т.: Ўзбекистон, 1998, 36-37б.
2. Президент И.Каримовнинг иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи сессиясидаги маърузаси //«Тошкент оқшоми», 2000 йил, 24 январь сони.
3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази. Адабиёт фани бўйича мажбурий узлуксиз таълимнинг Давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари лойиҳаси. –Т., 2016.
4. Турдиев Н.Ш., Асадов Ю.М. ва б. Умумий ўрта таълим тизимида ўқувчиларнинг компетенцияларини шакллантиришга йўналтирилган таълим технологиялари. 1- қисм. –Т.: ЎзПФИТИ, 2015.




 

2012-2017. © Buxoro davlat universiteti. Barcha huquqlar himoyalangan.