РАҲБАР КАСБИЙ ФАОЛИЯТИДА РАҒБАТЛАНТИРИШ МЕТОДЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ

Гулямова Саодат Толибовна Бухоро давлат университетити ўқитувчиси
Аннотация: Мақолада рағбатлантириш психология ва социологиянинг асосий категорияси сифатида кўриб чиқилган. Бундан ташқари, Бухоро давлат университети раҳбарлари ва ходимларининг рағбатлантириш, айнан моддий ва маънавий рағбатлантириш усулларига нисбатан қиёсий таҳлили эътироф этилган.
Калит сўзлар: ички рағбатлантириш; ташқи рағбатлантириш; натижалар бўйича мотивация; статус бўйича мотивация; эҳтиёж; рағбатлантириш; маънавий моддий рағбатлантириш.
Аннотация: В данной статье мотивация рассматривается как оснавная категория психологии и социологии. А также, в статье дан сравнительный анализ отношения руководителей факультетов, заведующих кафедрой, преподавателей Бухарского государственного университета к методам мотивации, в часности материальному и моральному поощрению.
Ключевые слова: внутренная мотивация; внешняя мотивация; мотивация по результатам; мотивация по статусу; потребность; стимулирование; моральное поощрение; материальное поощрение.
Abstract: The article deals with the motivation as the main category of psychology and sociology. Furthermore, it discusses the ways of encouraging the administration and teachers of Bukhara State University. The comparative analysis of financial and moral methods of support are also presented in the article.
Key words: internal motivation, external motivation, motivation according to results, motivation according to status, necessity, stimulation, encouragement, moral encouragement, material encouragement.

Мавзунинг долзарблиги: Замонавий жамият ҳаётида раҳбарнинг обрў ва нуфузи ишонч, ҳурмат ва муҳаббат сингари асосий омилларга асосланади. Ишонч касбий сифатлар: билим, уддабуронлик ва ҳозиржавоблик, ҳурмат эса ҳалоллик ва юқори даражадаги виждонлилик орқали қўлга киритилади. Ўз навбатида муҳаббатга, даставвал, бўйсунувчилар қизиқишларини ҳимоя қилиш ва уларнинг эҳтиёжларини қондириш ҳақида қайғуриш орқали эришилади. Ушбу омиллар ҳисобга олинган тақдирдагина, раҳбарнинг бошқарувчилик фаолияти самарали кечади. Шундай экан, рағбатлантириш раҳбар касбий фаолиятининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланиб, уни амалиётга тадбиқ этган раҳбарнинг меҳнат фаолиятида меҳнат унумдорлиги ўсади, ходимларда эртанги кунга ишонч ҳисси ошади ва меҳнат жамоасида низоларнинг кескин авж олишига нисбатан чек қўйилади. Ваҳоланки, қўшимча ҳақ тўлаш ва хизмат бўйича кўтариш орқали ходимнинг хизматларини тан олиш камдан-кам ҳоллардагина муваффақиятсиз қадам бўлиб ҳисобланади.
Эмпирик тадқиқот методи; Рағбатлантириш масаласи бир қатор фанлар: психология, педагогика, иқтисодиёт ва бизнес асослари, менежмент, маркетинг, социологиянинг асосий ўрганиш обьекти саналиб, мазкур масала юзасидан раҳбар ва ходимларнинг фикр-мулоҳазаларини тадқиқ этиш ва уларнинг мушоҳадаларини қиёсий таҳлил қилиш мақсадида жорий йилнинг ноябрь ойида Бухоро давлат университетида эмпирик социологик тадқиқот ўтказилди. Ушбу социологик тадқиқот сўров усулининг ярим стандарт интервью шакли асосида олиб борилиб, унда университетнинг баъзи факультет деканлари, декан ўринбосарлари, кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар. Респондентларнинг 18,1 %и университетнинг раҳбарлари; қолган 81,8 %и эса профессор-ўқитувчилари бўлиб, уларнинг 63,3 %и аёлларни; 36,3 %и эса эркакларни ташкил этди. Тадқиқотда иштирок этган респондентларнинг 28,2 %и 30 ёшгача бўлганлар; 35, 3 %и 31-40 ёш; 24,2 %и 41-50 ёш; 12,1 %и эса 51-60 ёш оралиғидагилардир. Бинобарин, респондентларнинг 31,3 %и 5 йилгача; 13,1 %и 6-10 йил; 20,2 %и 11-15 йил; 13,1 %и 16-20 йил; 10,1 %и 21-25 йил; 4 %и 26-30 йил; 8 %и эса 31 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганлардир.
Эмпирик тадқиқот натижалари: Ўтказилган интервью сўровномаси натижаларига кўра, раҳбарларнинг ярми ўз ходимларини моддий жиҳатдан, қолган ярми эса маънавий жиҳатдан рағбатлантиришни маъқул ҳисоблайдилар. Раҳбарларнинг фикрларини маъқуллаган ҳолда, ходимларнинг 50,6 %и моддий жиҳатдан, 49,3 %и эса маънавий жиҳатдан рағбатланишни ҳоҳларканлар.



“Қайси ҳолларда ходимингизни моддий жиҳатдан рағбатлантирган бўлардингиз?” деган саволга раҳбар респондентларнинг 44,4 %и талабаларни олимпиядага тайёрлаб, ўрин эгаллаганликлари (в); 22,2 %и хўжалик шартномаларини самарали амалга оширганликлари (г); яна 22,2 %и жамоат ишларида фаол иштирок этганликлари (д); қолган 11,1 %и эса илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилганликлари учун (а), деб ҳисоблайдилар. Раҳбар респондентларнинг ҳеч бири турли тадбирлар ташкилотчиси бўлганликлари учун (б) ўз ходимларини моддий жиҳатдан рағбатлантиришни маъқул кўрмадилар. Ўз навбатида, ходимларнинг 41,6 %и жамоат ишларида фаол иштирок этганликлари (д); 36,5 %и илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилганликлари (а); 9,7 %и турли тадбирлар ташкилотчиси бўлганликлари (б); 7,3 %и талабаларни олимпиадага тайёрлаб, ўрин эгаллаганликлари (в); 4,8 %и ҳўжалик шартномасини самарали амалга оширганликлари учун (г) ўз раҳбарлари томонидан моддий рағбатланишни истарканлар.



Бинобарин, раҳбарларнинг 66,6 %и ўз ходимларини пул шаклида (шулардан 66,6 %и нақд пул шаклида, қолган 33,3 %и эса пластик карточкаларига пул тушириш воситасида), 33,3 %и эса йўлланма шаклида (шулардан 66,6 %и дам олиш учун йўлланма, қолган 33,3 %и эса соғлиғини тиклаш учун сиҳатгоҳларга йўлланма бериш орқали) моддий рағбатлантириш мақбул, деб таъкидлайдилар. Ходимларнинг 75,6 %и нақд пул шаклида, 24,3 %и эса йўлланма шаклида (шулардан 14,6 %и дам олиш учун, 7,3 %и соғлиғини тиклаш ёки даволаниш учун, 2,4 %и эса хизмат сафари учун) рағбатланишни ўринли санайдилар. Ҳам раҳбар, ҳам ходим респондентлар буюм кўринишидаги моддий рағбатлантиришни маъқул кўрдилар.


“Агар ходимингизни пул шаклида рағбатлантириш керак бўлса, уни тахминан қанча миқдорда рағбатлантирган бўлардингиз?”, деган саволга раҳбар респондентларнинг 33,3 %и ходим оладиган иш ҳақининг 20-30 %и атрофида (б), 11,1 %и ходим оладиган иш ҳақининг 35-45 %и атрофида (в); 55,5 %и эса ходим оладиган иш ҳақининг 50-60 %и атрофида (д), деб уқтирганлар. Шу ўринда, ходимларнинг 34,1 %и оладиган иш ҳақимнинг 20-30 %и атрофида (б); 26,8 %и оладиган иш ҳақимнинг 35-45 %и атрофида (в); яна қолган 39 %и оладиган иш ҳақимнинг 50-60 %и атрофида (г), деб интервью сўровномасига жавоб берганлар. На раҳбар, на ходим респонденитлар иш ҳақининг 5-15 %ини (а) рағбат тарзида олишни ўринли ҳисобладилар.



Чунончи, раҳбарларнинг 44,4 %и фақатгина байрам кунлари арафасида (а); яна 44,4 %и йилнинг ҳар олти ойлик якунларида (в); қолган 1,1 %и эса йилнинг ҳар чораги якунларида (г) қўл остидаги ходимларини моддий жиҳатдан рағбатлантиришни ўринли ҳисоблайдилар. Ходимларнинг 46,3 %и фақатгина байрам кунлари арафасида (а); 21,9 %и йилнинг ҳар чораги якунида (г); 17 %и ҳар йилнинг якунида (б); 9,7 %и эса йилнинг ҳар олти ойлиги якунида (в); қолган 4,8 %и эса корхона катта миқдорда фойда кўрганда (д), деб фикр билдирганлар.



Эмпирик социологик тадқиқот натижаларига биноан, ҳам раҳбар, ҳам ходим респондентлар моддий рағбат каби маънавий рағбатни ҳам маъқуллайдилар. Ваҳоланки, раҳбарларнинг 55,5 %и дарс машғулотларини янги педагогик технологиялар ва компьютер воситалари асосида ташкил этганликлари (б); 33,3 %и жамоат ишларида фаол иштироклари (а); 11,1 %и эса хўжалик шаритномасини самарали амалга оширганликлари (д) учун ўз ходимларини маънавий жиҳатдан рағбатлантиришни мақсадга мувофиқ, деб уқтирганлар. Раҳбарлардан фарқли равишда, ходимларнинг 55 %и жамоат ишларида фаол иштироклари (а); 27,5 %и дарс машғулотларини янги педагогик технологиялар ва компьютер воситалари асосида ташкил этганликлари (б); 7,5 %и турли тадбирлар ташкилотчиси бўлганликлари (г); 5 %и талабаларни олимпиадага тайёрлаб, ўрин эгаллаганликлари (в); қолган яна 5 %и эса хўжалик шартномасини самарали амалга оширганликлари (д) туфайли маънавий жиҳатдан рағбатланишни ҳоҳларканлар.
“Қай йўсинда ходимингизни маънавий жиҳатдан рағбатлантирган бўлардингиз?, деган саволга раҳбар респондентларнинг 66,6 %и оғзаки мақташ; 22,2 %и фахрий ёрлиқлар бериш; қолган 11,1 %и эса оммавий ахборот воситалари (айнан телевидение) ёрдамида маънан рағбатлантиришни ўринли ҳисоблайдилар. Ўз навбатида, ходимларнинг 52,5 %и фахрий ёрлиқлар олишни; 32,5 %и оғзаки мақтов шаклини; 15 %и эса оммавий ахборот воситалари (шулардан 66,6 %и телевидение, қолган 33,3 %и эса газета) орқали маънавий жиҳатдан рағбат олишни исташларини таъкидлаганлар.
Бинобарин, маънавий жиҳатдан оғзаки мақтов шаклини маъқуллаган раҳбар респондентларнинг барчаси бутун жамоа олдида (а) ўз ходимларини мақташни маъкул кўрганлар. Ходимларнинг 46,1 %и ўз раҳбарлари томонидан бутун жамоанинг олдида (а); 38,4 %и якка тартибда (в); қолган 15,3 %и эса фақатгина маъмурият (раҳбарият) олдида (б) оғзаки мақтовни эшитишни хоҳларканлар.



Маънавий жиҳатдан фахрий ёрлиқлар бериш шаклини маъқуллаган раҳбар респондентларнинг барчаси худди оғзаки мақтовни қўллаб-қувватлаган раҳбарлар сингари бутун жамоа олдида (а) ўз ходимларини мақташни маъкул кўрганлар. Ходимларнинг 76,1 %и ўз раҳбарлари томонидан бутун жамоанинг олдида (а); 14,2 %и фақатгина маъмурият (раҳбарият) олдида (б); қолган 38,4 %и эса якка тартибда (в) фахрий ёрлиқлар олишни истарканлар.


Хулоса:
1. Ҳам раҳбарлар, ҳам ходимлар моддий рағбат сингари маънавий жиҳатдан рағбатни ҳам маъқул кўрадилар;
2. Талабаларни олимпиадага тайёрлаб, ўрин эгаллаганликлари учун аксарият раҳбарлар ўз ходимларини моддий жиҳатдан рағбатлантиришни, ходимларнинг аксарияти эса жамоат ишларида фаол иштироклари учун ўз раҳбарлари томонидан моддий рағбатланишни мақбул санайдилар;
3. Ҳам раҳбар, ҳам ходимларнинг аксарияти йўлланма шаклидаги моддий рағбатга қараганда пул шаклидаги моддий рағбатни афзал кўрадилар. Бинобарин, раҳбарлар ҳам, ходимлар ҳам буюм кўринишидаги моддий рағбатни қўллаб-қувватладилар;
4. Раҳбарларнинг аксарияти ўз ходимларини ходим оладиган иш ҳақининг тахминан 50-60 %и атрофида моддий рағбатлантиришни ҳоҳласалар, ўз навбатида, ходимларнинг кўпчилиги ҳам айнан шунча миқдорда моддий жиҳатдан рағбатланишни истарканлар. Чунончи, раҳбарлар ҳам, ходимлар ҳам ходим оладиган иш ҳақининг тахминан 5-15 %и атрофидаги моддий рағбатни маъқулладилар;
5. Ҳам раҳбар, ҳам ходимларнинг аксарияти байрам кунлари арафасидаги мукофотлар кўринишидаги моддий рағбатни мақсадга мувофиқ, деб ҳисобладилар;
6. Раҳбарларнинг аксарияти ўз ходимларини дарс машғулотларини янги педагогик технологиялар ва компьютер технологиялари асосида ташкиллаштирганликлари учун маънавий жиҳатдан рағбатлантиришни асосли санасалар, ходимларнинг аксарияти эса ўз раҳбарлари томонидан жамоат ишларида фаол иштироклари учун маънавий рағбат олишни афзал кўрадилар;
7. Раҳбарларнинг аксарияти ўз ходимларини бутун жамоа олдида оғзаки мақтов шаклида маънавий жиҳатдан рағбатлантиришни ўринли ҳисобласалар, ходимларнинг аксарияти эса оғзаки мақтов шаклидаги маънавий рағбатга қараганда бутун жамоа олдида ўз раҳбарлари томонидан фахрий ёрлиқлар олишни мақбул санайдилар.

Адабиётлар
1. Гуревич П. С. Психологический словарь. – М.: 2007. 799 с.
2. Ғуломова С. Т, Ибрагимова Ф. Ў. Оилада соғлом ижтимоий-руҳий муҳитни яратишнинг айрим масалалари. 21 аср психологиясининг наарий ва амалий муаммоларини ўрганишга бағишланган республика илмий-амалий конференцияси материаллари. Тошкент – 2012. 221-223 б.
3. Ғуломова С. Т, Тангриев К. Ш. Эр-хотинлик муносабатлари ва фарзанд тарбиясида шарқ ментал хусусиятларининг аҳамияти. “Мустаҳкам оила – жамият барқарорлиги омили” мавзусидаги республика илмий-назарий конференция материаллари. Бухоро – 2012.189-191 б.


 

2012-2017. © Buxoro davlat universiteti. Barcha huquqlar himoyalangan.