ДАХЛДОРЛИК ФАЗИЛАТИНИНГ МАЪНАВИЙ, ПЕДАГОГИК-ПСИХОЛОГИК ТАЛҚИНИ

Шермонов Элдор Уралович Миллий ғоя ва мафкура илмий - амалий маркази мустақил изланувчиси
Аннотация: Мақолада дахлдорлик ҳисси ва унинг шахс маънавий-ахлоқий ва ижтимоий-сиёсий тарбиясидаги ўрни назарда тутилади. Айниқса, вояга етиб келаётган баркамол авлод – ўқувчи-ёшларнинг дахлдорлик туйғуси ва фазилатини шакллантириш масаласига оид муаммолар илмий педагогик ёндашувлар орқали таҳлил этилади.
Калит сўзлар: мулкчилик, миллий ғоя, садоқат, бепарволик, ватанпарварлик
Аннотация: В статье понятие сопричастности рассматривается как человеческое качество с духовно-просветительской, социально-педагогической и психологической точки зрения, содержание сопричастности раскрыто с помощью национальной идеи и духовности.
Ключевые слова: сопричастность, национальная идея, верность, равнодушие, патриотизм
Annotation: The notion of complicity is considered as a humanistic quality from the spiritual, educational, social, pedagogical and psychological point of view. The content of complicity is revealed with the help of national idea and spirituality.
Key words: complicity, national idea, loyalty, indifference, patriotism

Мавзунинг долзарблиги:
Дахлдорлик фазилати соф ҳолатда мавжуд бўла олмайди ва у қатор инсоний сифатлар туркуми контекстида мавжуд бўлади. Яъни дахлдорлик тушунчаси бугунги кунда кенг истеъфодада бўлган “маънавий-ахлоқий тарбия”, “виждон, унинг таркибий қисмлари”, “виждон амри”, “виждон уйғоқлиги”, “миллий ғоя”, “комил инсон”, “фидойилик”, “ватанпарварлик”, “мафкуравий иммунитет” каби тушунчалар билан алоқадор ва бир бирларини тақозо этади. Шу маънода ҳам шахснинг маънавий, ахлоқий ва эстетик камолотида барча масалалар қаторида дахлдорлик масаласи муҳим ўрин тутади.
Дахлдорлик сўзининг асл маъносига эътиборимизни қаратсак. “Дахлдорлик” тушунчаси кўп луғатларда учрамайди. Жумладан, “Маънавият: асосий тушунчалар луғати”да ҳам келтирилмаган. Яна бир ачинарли томони шундаки, дахлдорликни кўпчилик бир томонлама тушунишади, яъни салбий маънода. Дахлдорлик кўпинча жиноят ҳуқуқи соҳасида ишлатиладиган сўз сифатида қаралади. Яъни “жиноятга дахлдорлик” тушунчаси мавжуд. Ёки бир нарсанинг бошқа нарсага, бирор кишининг бошқа кишига нисбатан таъсир кўрсатиши дахл дейилиши онгимизга сингиб кетган. Масалан, бир давлат иккинчи давлатга, ёки бир кишининг бошқа киши ҳаётига дахл қилиши каби. Аммо бу сўз ижобий маънода жуда кам ҳолларда учрар эди.
Жиноятдаги дахлдорликни таҳлил қилсак ҳам, биз сўз юритаётган дахлдорлик билан маъноси бир-бирига яқинлигини англашимиз мумкин. Яъни, бирор бир жиноят содир бўлган бўлса, уни амалга оширишда иштирок этган нарса ёки шахс ана шу жиноятга дахлдор деб олинади. Демак, у жиноят содир этишга дахлдор эканми бунда дахлдорлик салбий маънода – иллат сифатида ишлатилмоқда. Унинг аксини оладиган бўлсак-чи? Яъни ўша жиноятнинг олдини олишга дахлдорлик қилган кимса деб оладиган бўлсак, бунда дахлдорлик тушунчаси ижобий маънода келмоқда. Фазилат сифатида ишлатилмоқда. Шу маънода, биз фуқароларимизда дахлдорликнинг умумий шаклини эмас, балки ижобий шакли – дахлдорлик фазилатини шакллантиришни назарда тутишимиз лозим.
Русча-ўзбекча луғатларда дахлдорлик (относящийся) – тааллуқлилик, тегишлилик, дахл қилмоқ, тааллуқли, деган маъноларда берилган.
Дахлдорлик фазилатининг зиддига лоқайдлик, эгоцентризм, эскапизм, дауншифтинг ғояларини тарғиб қилувчи мафкураларни киритиш мумкин.
Инсоният бошига узоқ-яқин тарихида қанча кулфат, касофат тушган бўлса, инсоннинг ўз ҳаётига, тақдирига лоқайдлиги, бепарволиги сабаб бўлган. Лоқайдлик ҳодисасининг моҳияти “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “лоқайд” деган сўз араб тилидан олиниб: аҳамият, эътибор бермаслик; бепарволик, қизиқмаслик, бефарқлик маъноларида келади [5;436].
Лоқайдликнинг ижтимоий илдизи нимадан иборат? Лоқайд, яъни қайд этмаслик, эътибор бермаслик, дахлдорликни ҳис этмаслик, ўзини четга олиш – бугунги кунда халқимиз орасида энг кенг таркалган ижтимоий иллат бўлиб бормоқда. Бу эса, жамиятнинг тараққиётига салбий кўрсатади. Бугунги кунда бузғунчи маънавий-мафкуравий оқимларнинг суверенитетимизга бўлаётган таҳдидининг олдини олиш учун ўз тақдирига, атроф-муҳитдаги воқеа-ҳодисаларга бепарво ва лоқайдликдан халос бўлиш ҳамда бу воқеа-ҳодисаларга шахсий дахлдорлик ҳисси билан яшаш талаб этилади. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов бу борада шундай деган эди: “...бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамдан қўрқиш керак. Улардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Чунки уларда на иймон, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди.
Азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради”[2;123-124].
Дахлдорлик – инсонга хос юксак маънавий фазилат. У шахснинг ўз хатти-ҳаракати, қилмиши, юриш-туриши учун одамлар, жамоатчилик олдидаги масъулият ҳиссини англатувчи туйғу, умумий иш, ноҳақликка, адолатсизликка муросасизлик, яхши, бунёдкор иш ва фикр, ғояларга хайрихоҳлигини фаол намоён қилиш ва бошқаларда намоён бўлади.
“Барчамиз яхши англаб олишимиз керакки, ҳаётимизнинг бошқа соҳаларидаги аҳвол, амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг самарадорлиги, аввало халқ маънавиятининг тикланиши, тарихий меросимизнинг кенг ўрганилиши, анъаналаримизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи билан узвий боғлиқдир”[1;362]. Бундан маънавият – маънавият учун эмас, инсон фаровонлигига қаратилган ислоҳотлар самарадорлиги учун, деган ҳақиқат келиб чиқади.
Маънавий соҳада цивилизациявий ҳаётнинг қарор топиши энг радикал тарзда бўлиб, инсон руҳиятида мантиқий тафаккурини, унда эса, сифат жиҳатдан янги дунёқарашни келтириб чиқаради. Бу жараён дунё мамлакатлари тараққиёти эволюцияси, унга таъсир қиладиган технологик жараёнлар, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий, мафкуравий жараёнларини глобаллашуви билан узвий алоқадорликда кечади.
Интеллект ақл-заковатнинг кучи муайян шахсни билими, иқтидори, глобаллашув жараёнида цивилизациялараро таъсирнинг моҳиятини англай олишда кўринади.
Дахлдорликнинг шаклланишида ижтимоий муҳит, оила ва жамиятдаги таълим-тарбия, атрофдаги кишиларнинг маданияти, ахлоқ-одоби, дунёқараши муҳим аҳамият касб этади. Бу юксак маънавий-ахлоқий фазилат шахсни эзгу мақсад ва амалларга ундаб, мустақил фикрлашга, фаол фуқаролик позициясини намоён қилишга, холисона, тўғри баҳо беришига хизмат қилади.
Дахлдорлик фазилати одамнинг ижтимоий мавжудот сифатидаги функциясини бажариши ёки бажармаслигини ҳал қилувчи ахлоқий масала, танлаш нуқтаси. Бугунги кунда лоқайдлик туфайли тиклаб бўлмас офат, жиноят, ҳалокатлар содир бўлаётган экан, дахлдорликни ҳар бир инсоннинг етакчи фазилатига айлантириш умуминсоний педагогик заруратга айланди, деган хулоса қилиш зарур.
Барчамиз яхши биламизки, “миллий ғоя” деган сўз фақат бир миллатга мансуб бўлиб қолмасдан, мана шу табаррук диёримиз Ўзбекистон тупроғида яшаётган, уни ўз она Ватани деб биладиган барча миллат ва элатларга бирдек дахлдордир.
Миллий ғояда мужассам бўлган буюк мақсадларни рўёбга чиқариш авваламбор жамиятимиз ва шу жамият аъзоси бўлмиш ҳар қайси инсоннинг маънавий олами ва дунёқарашидаги ижобий ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ эканини унутмаслигимиз зарур. Шундай экан, дахлдорлик фазилатини миллий ғоямизнинг устунлари билан ҳамоҳанглигини кўриб чиқсак.
Юрт тинчлиги ва дахлдорлик. Тинчлик бу – миллий ва умумбашарий қадрият. Жаҳонда инсоннинг энг муқаддас ҳуқуқларидан бири ҳам – тинч яшаш ҳуқуқидир. У ҳар бир инсоннинг қалбидаги орзуларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб берадиган восита. Тинчлик бор экан, ҳар бир давлат, вилоят, туман, маҳалла, оилада хотиржамлик ва ҳаловат бор.
Халқ фаровонлиги ва дахлдорлик. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов халқ фаровонлиги ҳақида шундай фикр билдирган эди: “...Халқ фаровонлиги деган эзгу тушунчани ҳам миллий ғоямизнинг негизини ташкил этадиган тамойиллар қаторига қўйишимиз табиийдир.
Нега деганда, бу дунёда ҳар бир одам тўқ ва бадавлат ҳаёт кечириш, эл-юрт учун муносиб фарзанд тарбиялаш, уларга билим бериш, уйли-жойли қилиш, уларнинг бахту камолини кўриш орзуси билан яшайди”[2;74].
Фаровонлик авваламбор, тинчлик бўлган жойда, эзгу ғоялар, эзгу ниятлар билан олдинга интилишда намоён бўлади. У ҳар бир одамнинг, халқнинг ўз олдига қўйган қатъий азму қароридан бошланади. Бизнинг халқимиз ҳам мустақилликни қўлга киритган кундан бошлаб, ўз олдига қатъий қарор қўйди ҳамда шу йўлда бирлашди. Халқ фаровонлиги миллий мафкурамизнинг асосий ғояларидан бирига айланди. Шунинг учун ҳам барча шаҳарларимиз, маҳаллаларимизу, қишлоқларимиз, билим даргоҳларимизда фаровонлик ҳукм сурмоқда.
Маънавий фазилатлар алоҳида кўп ўрганилган, бироқ, уларнинг дахлдорлик фазилати билан функционал алоқалари ижтимоий гуманитар фанларда, жумладан педагогикада ҳали махсус ўрганилмаган. Шу сабабли биз ушбу масалани жуда муҳим деб биламиз ва алоҳида кўриб чиқамиз. Шундай маънавий фазилатлардан бири – ватанпарварлик.
Ҳақиқий ватанпарвар, Ватанга, она заминга, ўз халқига муҳаббат билан яшаш, унинг истиқболи, манфаати йўлида тинимсиз меҳнат қилиш ҳамда курашиш зарурати туғилганда жонини фидо қилишни назарда тутади. Ҳар жабҳада Ватанимиз эришаётган муваффақиятлардан қувониш, оғир кунларида унинг учун қайғуриш, ўз юрти билан ғурурланиш, унинг ҳар бир қарич ери, ҳар бир ғишти ва гиёҳига, қадимий ва замонавий обидалари, илм-фан ва санъатдаги ютукларини, моддий ва маънавий бойликларини қорачиғидек асраб авайлаш – буларнинг барчаси ватанпарвар хулқ атвор намуналаридандир. Ҳар бир ватанпарвар инсон ватан равнақи учун, унинг бахту саодати, камолоти учун ўзини дахлдор деб билади.
“Табиат жамоа бўлиб яшашга содиқ. У баъзида дахлдорликдан инсонларга ибрат беради, – деб ёзади педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммад Қуронов. – Асалари уясига яқин бориб турган одамнинг холи нима бўлишини яхши биламиз. 100 000 асалари ўз уясининг дахлсизлиги учун ҳимояга отилади. Ўйлаб ўтирмасдан, ўзини фидо қилиб, унга ёпишади. Талайди.
Фараз қилинг, бегоналар асалари уясини бузиб, асалдан хоҳлаганича олаверса-ю, асаларилар лоқайд, четдан қараб турса нима бўлади? Табиатда асалари зоти ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетарди. Мафкуравий ғанимларимиз бизнинг лоқайд асалариларга ўхшашимизни истайди. Демак, Ватан мустақил бўлса ҳам, фарзандлари лоқайд бўлса, бундай миллатнинг келажаги бўлмас экан.
Маънавий фазилатларнинг яна бири ижтимоий ҳамкорлик бўлиб, бу ҳам дахлдорликдан бошланади. Чунки ижтимоий ҳамкорлик барча ўзбек халқини ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб ишлашга, бирлашишга ундайди. Бирга ишлаб, бирга ўтириб турган инсонлар эса ўзларини бир-бирига дахлдор ҳис қиладилар. Дахлдорлик – одам билан одамни, халқини, Ватанини, оламни боғлайдиган ришта. У ухлаётган одамни – уйғотади, ётганни – турғизади, турганни – юргизади, юрганни – югуртиради. Миллий ғоя, маънавият бобида эса у мустақилликни мустаҳкамлашга, ҳимоя қилишга, Ватанни озод ва обод, жамиятни эркин ва фаровон қилишга чорлайди. Ана шунинг учун ҳам ижтимоий ҳамкорликнинг ғоявий-маърифий қиммати бебаҳо.
Методика: Ўқувчиларда юқорида санаб ўтилган ва бошқа кўринишдаги дахлдорлик фазилатларини шакллантириш баганги кунда барча педагог ва тарғиботчилардан юксак маҳорат талаб қилмоқда. Амалиётда олиб борилаётган тарғибот ишлар қанчалик самара бера олиши мумкинлигини қуйида кўриш мумкин. Ўқувчиларда дахлдорлик фазилатининг шаклланганини унинг намоён бўлиш тарзлари, шаклларига қараб қайд қилиш мумкин. Биз юқоридаги таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда ушбу фазилатнинг намоён бўлишини кўрсатувчи диагностик индикаторларни ишлаб чиқдик(1-жадвал).

Жадвал № 1
Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларида дахлдорлик фазилатининг шаклланганлик даражасини аниқлашнинг диагностик дастури

Тарбияланганлик
кўрсаткичлари
Дахлдорлик фазилатининг намоён бўлиш даражалари

Яққол намоён бўлади Намоён бўлади Суст намоён бўлади Намоён бўлмайди
Ҳуқуқ ва бурчларига дахлдорлик Юриш-туришда гражданлик ҳуқуқ ва бурчларига риоя қилади ва бошқаларни ҳам шунга ундайди Юриш-туришда гражданлик ҳуқуқ ва бурчларига риоя қилади Билимларига катталар томонидан талаб қилинганида риоя қилади Ҳуқуқ ва бурчларига лоқайд
Миллий қадриятларга дахлдорлик Миллий қадриятларга риоя қилинишини рағбатлантиради Миллий қадриятларга пухта риоя қилади Ҳамма вақт ҳам риоя қилавермайди Миллий қадриятларга лоқайд
Аждодларимиз меросига дахлдорлик Аждодлар меросини пухта билади, тарғиб қилади Аждодлар меросини яхши билади, қизиқади Аждодлар мероси ҳақида тушунчалари бор, лекин юзаки Аждодлар меросига лоқайд
Миллий ғоямизга дахлдорлик Миллий ғоямиз моҳиятини чуқур билади ва тарғиб қилади Миллий ғоямизни яхши билади, аммо тарғиб қилмайди Миллий ғоя ҳақида тушунчаларга эга Миллий ғоямизга лоқайд
Бузғунчи ғояларга дахлдорлик Бузғунчи ғоялар моҳиятини чуқур билади, уларга фаол қарши туради, бошқаларни огоҳлантиради Бузғунчи ғоялар моҳиятини яхши билади, лекин уларга қарши муносабати суст Бузғунчи ғоялар моҳияти ҳақида тушунчаларга эга Тушунчаларга эга эмас, лоқайд.
Ўзбекистоннинг жаҳондаги мавқеи ошишига дахлдорлик Яхши, пухта билади, доим, ҳамма жойда тарғиб қилади Яхши билади, аммо суст тарғиб қилади Билимлари нотўлиқ, тарғиб қилмайди Билмайди, лоқайд
Ватан туйғусига дахлдорлик Чуқур, ҳаётий, фаол намоён бўлади Чуқур, лекин ҳаёт билан боғланмаган, намойиши суст Туйғуси расмий, юзаки, хулқида намоён бўлмайди Ватан туйғуси шакллантирилмаган, лоқайд
Ислоҳотлар ютуқларига дахлдорлик Билади, ҳар куни, ҳамма жойда тарғиб қилади Билади, кўпинча бу ҳақда ўз фикрларини билдиради Билади, амал қилмайди Билмайди, амал қилмайди
Теварак-атрофдагиларга дахлдорлик Эътиборли, зукко, зийрак, меҳрибон Эътиборли, аммо бунинг амали суст Эътибори суст, амалда намоён бўлмайди Теварак-атрофдагиларга лоқайд
Ўз қишлоғи, маҳалласи тарихи, ҳозири ва келажагига дахлдорлик Чуқур билади, мароқ билан ҳикоя қилиб бера олади, маҳалла ободончилиги, жамоатчилик ишларида ташаббускор Яхши билади, ҳикоя қилиб бера олади, аммо амалий ишларда суст Билади, аммо амалда намоён қила олмайди Лоқайд

Хулоса: Бугунги мафкуравий кураш авж олган бир шароитда ёшларда, хусусан ўтиш даврини бошидан кечираётган, ҳаётда ўз ўрнини эгаллашга киришаётган, мустақил ҳаётга қадам ташлаётган ўсмирлар – академик лицей ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларида дахлдорлик туйғусини тарбиялаш муҳим ижтимоий-педагогик аҳамият касб этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, жамиятда дахлдорлик фазилатининг маънавий талқини ҳам, педагогик-психологик талқини ҳам бир мақсадга қаратилганини алоҳида таъкидламоқчимиз. Шундан келиб чиққан ҳолда ёшларни юртимизнинг фаровон келажагига дахлдор қилиб тарбиялашда қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этамиз:
Биринчидан, аввало биз катталар, хусусан, педагоглар ўзимиз, ҳар биримиз дунёқарашимиз, онгу тафаккуримизни, сиёсий ва ҳуқуқий савиямизни юксалтириш, ён-атрофимизда бўлаётган воқеаларга дахлдорлик туйғусини янада кучайтиришни, бу гўзал ва бетакрор юрт – мен учун ягона Ватан, унинг бошидан кечираётган қувонч ва ташвишлари – менинг қувонч ва ташвишларим, деб, яшашимиз лозим.
Иккинчидан, барча педагог-ходимлар мамлакатимиз буюк мақсадларни олдига қўяр экан, бундай орзу-интилиш бутун халқимиздан, ҳар бир фуқародан тинимсиз меҳнат ва куч-ғайратни сафарбар этишни талаб қилишини ёш авлод қалби ва онгига сингдириш чораларини кўриши зарур.
Учинчидан, ҳеч кимдан кам бўлмайман деб, замонавий билим ва тажрибаларни эгаллашга бел боғлаган, тобора ҳал қилувчи куч бўлиб ҳаётга кириб келаётган ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чораларини излаб топишмиз ва уларни амалга оширишимиз керак. Яъни, биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, “Бизнинг энг эзгу мақсад-муддаомиз – дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига киришдан иборатдир. Бунинг учун ўз моҳияти ва аҳамиятига кўра бир-бирига тенг, бир-бирини тўлдирадиган икки ҳал қилувчи вазифани амалга ошириш бизнинг доимий эътибор марказимизда туриши зарур.

Адабиётлар
1. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. – Т.: Ўзбекистон, 2000.
2. Ислом Каримов. Юксак маьнавият – енгилмас куч. – Т.: Маьнавият, 2008.
3. Каримов И.А. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш - мамлакатимиз тараққиётининг асосий мезонидир. – Т.: Ўзбекистон, 2011.
4. Қуронов М. Эзгу ғоялар рўёби. – Т.: Маънавият, 2011.
5. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Икки томлик . М.: 1981.

 

2012-2017. © Buxoro davlat universiteti. Barcha huquqlar himoyalangan.